“Ўзбекистон мусулмонлари идораси кубоги” старт олди
Ўзбекистон Халқаро исломшунослик академияси ва Шайхонтоҳур спорт мактаби спорт залларида диний соҳа ходимлари ўртасида спортнинг волейбол ва шахмат турлари бўйича “Ўзбекистон мусулмонлари идораси кубоги” мусобақаларининг республика босқичига старт берилди.

Мусобақаларнинг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов сўзга чиқиб, ушбу мусобақа республика бўйлаб диний соҳа вакилларини бир майдонга жамлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, жисмоний фаолликни ошириш ҳамда ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, динимиз спорт билан шуғулланишга ҳам чақириши қайд этилди.
Мусобақалар Спорт вазирлиги билан ҳамкорликда ҳамда Ўзбекистон волейбол ва шахмат федерациялари тасдиқлаган тартиб-қоидалар асосида нимчорак финал, чорак финал, ярим финал ва финал босқичлари кўринишида ўтказилмоқда.


Н.Раҳмонова, ЎзА