Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон мудофаа вазири Италия мудофаа вазирини қабул қилди
13:42 / 2023-04-26

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбанов юртимизга ташриф буюрган Италия мудофаа вазири Гвидо Крозеттони қабул қилди.

Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Тенглик, ўзаро ишонч ва ҳурмат асосида ривожланиб бораётган икки давлат алоқалари кейинги йилларда янги босқичга кўтарилмоқда. Сиёсий, иқтисодий, маданий-ижтимоий ва бошқа соҳаларда кенгайиб бораётган ҳамкорликка уйғун равишда тинчлик ва барқарорликка таҳдид ҳисобланган экстремизм, диний радикализм, халқаро терроризм ҳамда бошқа трансмиллий хавфларга қарши курашишда ҳам Ўзбекистон ва Италиянинг мақсадлари муштарак.

Расмий қабул маросими аввалида нуфузли меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Икки давлат мадҳиялари янгради.

Шундан сўнг бўлиб ўтган учрашувда хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, унинг ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, ҳарбий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мақсадида икки давлат мудофаа идоралари ўртасида штаб музокараларини ўтказиш анъанага айлангани эътироф этилди.

Суҳбат якунида Ўзбекистон ва Италиянинг ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик муносабатлари юқори баҳоланди.

ЎзА