Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Миср: савдо ва логистика ҳамкорлиги янада ривожланади
21:06 / 2025-09-19

Миср Араб Республикасининг “Elbalad”, “Youm7”, “Cairo24” каби қатор етакчи нашрлари ёзишича, шу кунларда Ўзбекистон билан товар кузатуви ва рақамли мониторинг бўйича тажриба алмашиш масаласи фаол муҳокама қилинмоқда.

Айни йўналишдаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида таъминот ва ички савдо вазири доктор Шариф Фарук ўз қароргоҳида мамлакатимизнинг ушбу юртдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Мансурбек Қиличевни қабул қилган.

Учрашувда мулозим меҳмонларни қутларкан, давлатларимиз ўртасида чуқур тарихий алоқалар мавжудлиги, асосийси бугунги кунда ҳар икки томон шерикликни турли соҳаларда чуқурлаштириш тарафдори экани таъкидланди.

Шариф Фарук бозор барқарорлигини таъминлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш учун мавжуд алоқалар самарадорлигини оширишга устувор аҳамият беришини билдирди.

Мулоқот давомида ўзаро савдо ҳажмини ошириш, логистика ва таъминот занжирини мустаҳкамлаш зарурлиги маъқулланди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг товарни кузатиш ва назорат қилиш тизими, жараён шаффофлигини таъминлаш, фуқароларга мунтазам маҳсулот етказиб беришга хизмат қилувчи замонавий рақамли механизми бўйича тажрибаси ўрганилди.

Ўз навбатида, дипломатимиз Мисрнинг муҳим инфратузилмани ривожлантириш, ички савдо ва тарқатиш билан боғлиқ мавжуд сармоявий имкониятини юқори баҳолади. Мамлакатимиз мезбон давлат билан иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мунтазам тажриба алмашиш ва икки томон ишбилармонлари ўртасида бевосита шерикликни йўлга қўйишдан манфаатдорлигини таъкидлади.

Учрашув якунида вазир Миср томони Ўзбекистон сармоясини жалб қилиш ва ички савдо соҳасида тажриба алмашиш орқали умумий манфаатга эришиш, икки дўст халқ ўртасидаги самарали ҳамкорлик кўламини кенгайтириш учун ҳар қандай кўмак бериш, қулайлик яратишга тайёрлигини тасдиқлади.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА