Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон минтақавий тараққиёт марказида: саноат кооперациясидан экологик ташаббусларгача
18:34 / 2024-02-25

Ўзбекистон Марказий Осиёда ўз ўрнини кучайтириб, Қирғизистон билан бирга автомобиль ишлаб чиқаришдан тортиб, трансчегаравий экологик ва иқтисодий ташаббусларни илгари суришгача бўлган муҳим лойиҳаларни қўллаб-қувватламоқда.

Барча қўшни давлатлар билан товар айирбошлаш миқдорини ошириш, транспорт инфратузилмасини яхшилаш орқали минтақа барқарор ривожланишига кўмаклашмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар мамлакатимизнинг кучли иқтисодий ҳамжамият барпо этиш, тинчлик ва барқарорликни қўллаб-қувватлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, Марказий Осиё фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлашда Ўзбекистоннинг етакчилигини намойиш этишга интилишни тасдиқлайди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон автомобиль ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун кучларни бирлаштиришмоқда, Икки давлат иқтисодий ҳамкорлиги тарихида янги саҳифа очадиган бу воқеа Марказий Осиё давлатлари ўртасида савдо, сармоявий ва саноат кооперациясини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли интеграция, муносабатлар чуқурлашишининг бир қисмидир.

***

2024 йил Ўзбекистон ва Қирғизистон, “Ўзавтосаноат” ва “DT Technik” ҳамкорлиги натижаси ўлароқ, “Олтин-Тулпор” заводида 12 хил автомобил ишлаб чиқара бошлайди. Мазкур лойиҳа ҳар икки давлатнинг юқори технологияли ишлаб чиқаришни ривожлантириш орқали иқтисодий алоқани мустаҳкамлаш истагини ифодалайди. Корхонада биринчи йили 10 минг, яқин келажакда йилига 30 минг дона машина ишлаб чиқарилиши кутиляпти.

Ўзбекистон – Қирғизистон савдо ва сармоявий ҳамкорлиги кенгайиши Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги иқтисодий муносабат чуқурлашиши асносида юз бермоқда. Хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон товар айирбошлаш миқдорини икки баробар кўпайтириб, 10 миллиард долларга етказиш ниятида, Бу минтақа иқтисодий салоҳияти юксалиб бораётганидан далолат.

Шунингдек, биргаликда иқтисодий ривожланиш стратегик мақсадига хизмат қиладиган “Марказий Осиё” саноат кооперацияси халқаро марказини ташкил этиш режалаштирилган.

***

Иқтисодий интеграция фонида Марказий Осиё давлатлари минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатни фаоллаштирмоқда. Бишкекда бўлиб ўтган Хавфсизлик Кенгаши котибларининг Афғонистон бўйича йиғилишида минтақавий барқарорликни таъминлашнинг асосий омили сифатида терроризм, наркотрафикка қарши курашиш ва иқтисодий тараққиётни қўллаб-қувватлашда бирга ҳаракат қилиш муҳимлиги таъкидланди.

***

Қозоғистон ва Ўзбекистон трансчегаравий экологик ҳамкорлик намунаси сифатида Устюрт паст текислиги экология тизимини муҳофаза қилиш бўйича қўшма қарор қабул қилди. Экологик ҳамкорлик кўламини кенгайтириш орқали барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлашга қаратилган мазкур келишув биохилма-хилликни сақлаш ва табиий ресурслардан изчил ва самарали фойдаланишни назарда тутган ҳолда, минтақа давлатлари экологик келажаги учун масъулиятли ёндашувни тасдиқлайди.

***

Ўзбекистон ва Туркманистон халқаро юк ташиш тўловини мувофиқлаштириш масаласини муҳокама қилди. Бу йўлдаги умумий саъй-ҳаракат трансчегаравий савдони соддалаштириш ва транспорт-логистика инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш ва такомиллаштиришга хизмат қилади. Шунингдек, Марказий Осиё давлатларини боғловчи транспорт йўлаклари самарадорлиги ва қулайлигини сезиларли даражада ошириши мумкин.

***

Қозоғистон Ўзбекистонга дон етказиб берувчи илғор давлатлардан бирига айланмоқда. Демак, мамлакатларимиз ўртасида қишлоқ хўжалиги кооперацияси мустаҳкамланяпти. 1,5 миллион тонналик дон экспорти юртимиз озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлайди, қўшни қардош давлатнинг қишлоқ хўжалиги бўйича муҳим ҳамкор сифатидаги муносиб ўрнини тасдиқлайди.

Хулоса

2024 йилнинг дастлабки икки ойида Ўзбекистон Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий ривожланишга кўмаклашувчи илғор ва марказий куч сифатидаги ролини яққол намоён этди. Қирғизистон билан ҳамкорликда автомобил ишлаб чиқарилиши нафақат иқтисодий, балки дипломатик муносабатда ҳам янги саҳифа очиб, минтақа давлатлари учун кўп қиррали ҳамкорлик намунаси, десак муболаға эмас. Ушбу қадам савдо, транспорт, молия қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш баробарида Ўзбекистоннинг бутун минтақада барқарор ривожланиш ва фаровонлик учун қулай муҳит яратишга қаратилган стратегик қарашини ифодалайди.

Бу саъй-ҳаракатлар аҳамиятини алоҳида таъкидлашнинг ҳожати йўқ, чунки айни ёндашув Марказий Осиё халқлари барқарорлиги ва фаровонлигига хизмат қиладиган узоқ муддатли иқтисодий ўсиш учун замин яратиш мақсадини кўзлаган.

Жорий йил январь-февраль ойларида Ўзбекистон нафақат энг яқин қўшнилари билан иқтисодий, сиёсий алоқани мустаҳкамлади, балки минтақавий барқарор ривожланиш дастурини илгари суришга ҳам фаол ҳисса қўшди.

Ўзбекистоннинг минтақавий стратегик марказ сифатидаги ролини намоён этаётган бу ҳаракатлар Марказий Осиёда тинчлик, хавфсизлик ва фаровонликни таъминлашга қаратилган кенг қамровли стратегиянинг ажралмас қисмидир.

Абдуазиз Хидиров,

ЎзА шарҳловчиси