Марказий Осиёнинг таълим маркази сифатидаги тарихий нуфузига қарамасдан, бугунги кунда Ўзбекистонда таълим олаётган хорижий талабалар сони атиги 13 минг нафарни ташкил этади. Бу умумий талабаларнинг 3 фоизига тенг, холос.
Шу билан бирга, уларнинг 81 фоизи учта давлатга – Ҳиндистон (60%), Туркманистон (11%) ва Покистонга (10%) тўғри келади. Муаммо фақат географияда эмас, балки йўналишларда ҳам кўзга ташланади: хорижлик талабаларнинг 78 фоизи тиббиёт соҳасини танлаган бўлиб, муҳандислик, ахборот технологиялари, агротехнологиялар ва “яшил” технологиялар каби истиқболли соҳалар деярли эътибордан четда қолмоқда.
Халқаро ҳамкорлик дастурлари ҳам етарлича диверсификация қилинмаган. Ҳозирда мамлакатда 21 та давлатнинг олий таълим муассасалари билан 374 та қўшма дастур амалга оширилмоқда.
Бироқ уларнинг қарийб 80 фоизи Россия ва Беларусь университетларига тўғри келади. АҚШ, Буюк Британия, Европа Иттифоқи ва Япония каби илғор таълим марказлари билан ҳамкорлик чекланган. Ҳатто жаҳоннинг ТОП-500 университетлари орасида ҳамкорлар бор, аммо улар сони жуда оз. Бу ҳолат Ўзбекистоннинг глобал академик майдонга тўлиқ интеграцияси ҳали юксак даражага чиқмаганини кўрсатади.
Мавжуд чекловларни бартараф этиш мақсадида “Ўзбекистон – минтақавий таълим хаби” концепцияси ишлаб чиқилади. Унга кўра, 2030 йилгача хорижий талабалар сонини 50 минг нафарга етказиш режалаштирилган. Бу ҳозирги ҳолатга нисбатан қарийб уч баробар ўсиш демакдир. Шу билан бирга, хорижий талабаларнинг йўналишлари кенгайиб, фақат тиббиёт эмас, балки ахборот технологиялари, муҳандислик, агротехнологиялар ва “яшил” иқтисодиёт соҳаларига ҳам жалб этилмоқда.
Шу мақсадда халқаро нуфузли университетлар билан ҳамкорлик кучайтирилади. ТОП-500 университетлари билан қўшма дастурлар йўлга қўйилиши, ТОП-100 ОТМлари билан эса давлат-хусусий шериклик асосида ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган. Уларга солиқ имтиёзлари, ер майдонлари ва молиявий қўллаб-қувватлаш таклиф қилиниб, Ўзбекистонда филиаллар очиш учун шароит яратилади.
Шунингдек, таълим дастурларига халқаро аккредитациялар жорий этилади: муҳандислик йўналишлари учун ABET, бизнес-мактаблар учун AACSB, тиббиёт учун WFME аккредитацияси. Бу орқали ўзбек дипломларига ишонч ортади ва уларнинг хорижда тан олиниши кафолатланади.
Ўзбекистон брендини халқаро миқёсда илгари суриш учун “Study in Uzbekistan” платформаси ишга туширилади. 2026 йилдан бошлаб ҳар йили Халқаро таълим форуми ташкил этилади. Шу билан бирга, Жанубий Осиё, МДҲ ва Яқин Шарқ каби асосий минтақаларда Ўзбекистоннинг расмий таълим ваколатхоналари очилади.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА