Ҳуқуқий муносабат
Мамлакатимизда барча соҳаларда сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизнинг сунъий интеллект технологияларидан фойдаланувчи дунёнинг етакчи давлатлари қаторига киришига эришишга алоҳида эътибор берилмоқда.
Бу борада 2025 йил 26 декабрда давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида ҳам сунъий интеллект (СИ) ва рақамли технологиялар нафақат иқтисодий ўсиш воситаси, балки давлат бошқарувини тубдан ислоҳ қилишнинг асосий вазифаси эканлиги маълум қилинди.
Тошкент давлат юридик университети доценти Азамат Эргашев бу борада қуйидагича тушунча берди:
– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномаси мамлакатимиз тарихида янги бир саҳифани очди. Мазкур Мурожаатномада сунъий интеллект (СИ) ва рақамли технологиялар нафақат иқтисодий ўсиш воситаси, балки давлат бошқарувини тубдан ислоҳ қилишнинг асосий дастаги сифатида белгиланди.
Президентимиз 2026 йилда давлат бошқаруви соҳасидаги энг муҳим янгилик сифатида Электрон ҳукумат платформасини тубдан янгилашни алоҳида таъкидлади. Ушбу платформа доирасида 1000 дан зиёд давлат хизматлари, 5000 дан ортиқ функция ва вазифалар, 200 та маълумот базаси ва ахборот тизими, ҳамда 100 мингдан зиёд давлат хизматчисининг ваколатлари Ягона рақамли платформага интеграция қилинади.
Мурожаатномада эълон қилинган энг инқилобий қарор шундаки, платформага келиб тушган мурожаатларни ижрочиларга тақсимлаш ва кўриб чиқиш муддатини назорат қилиш сунъий интеллект орқали амалга оширилади. Бу — миллионлаб фуқароларнинг давлат идоралари билан муносабатида "инсон омили"ни, яъни суиистеъмол ва кечиктиришларни тубдан қисқартиради.
Президентимиз буни оддий мисол билан тушунтирди. Жумладан, янги уй қурган фуқаро кадастр ҳужжатини олиш учун мурожаат қилса, янги платформа сув, электр ва газга уланиш масаласини ҳам шу заҳоти ҳал қилиб беради. 2026 йилда бундай "проактив ва жамланма" хизматлар сони 100 тага етказилиши режалаштирилган. Бу ёндашув фуқароларни "идорадан идорага" юришдан озод қилади ва вақт ҳамда ресурсларни тежайди.
Маълумки, инвесторлар учун ҳам мутлақо янги экотизим яратилмоқда. Ер расмийлаштириш, тоифасини ўзгартириш, қурилиш рухсатномаларини олиш — буларнинг барчаси "ягона дарча" тамойили асосида "invest.gov.uz" электрон платформаси орқали ҳал этилади ва барча вазирликлар шу тизимга уланади. Бу хорижий инвесторлар учун Ўзбекистонни янада жозибали қилади.
Мурожаатноманинг долзарб янгилигидан бири — суд-ҳуқуқ тизимини ҳам рақамлаштириш бўлди. Суд-ҳуқуқ тизимида сунъий интеллектни қўллаш орқали эса адолат тезлашади. Жиноят ҳақидаги аризани қабул қилишдан бошлаб, ишни судга ўтказишгача бўлган босқичларга сунъий интеллект технологиялари жорий этилиши белгиланди. Бу билан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда объективлик ва шаффофлик таъминланади.
Суд қарорларини ижро этиш соҳасида ҳам тубдан ўзгариш кўзда тутилган: келгуси икки йилда ижро ҳаракатларининг 30 фоизи инсон омилисиз амалга оширилиши режалаштирилган. Бу суд тизимига бўлган ишончни оширади ва тадбиркорлар ҳамда фуқаролар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилади.
Давлат бошқарувида сунъий интеллектни жорий этиш учун мустаҳкам инфратузилма ҳам шакллантирилмоқда. Жорий йилда Тошкент, Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятларида 4 та "Дата марказ", 2 та супер-компьютер ва 15 та олийгоҳларда сунъий интеллект лабораториялари ишга туширилади. Бу инфратузилма тиббиёт, транспорт, қишлоқ хўжалиги, банк-молия ва жамоат хавфсизлиги каби соҳаларда 100 дан ортиқ AI лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилади.
Коррупцияга қарши курашда ҳам технологиялардан кенг фойдаланилмоқда: 17 турдаги текширувларда "боди-камера" мажбурий бўлади; барча давлат харидлари, коммунал тўловлар, автомобиль ва кўчмас мулк савдолари нақдсиз тўлов шаклига ўтказилади. Солиқ, божхона ва бошқа назорат органлари Ягона платформага интеграция қилиниши эса пора бериш имкониятларини сезиларли даражада қисқартиради.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбарининг бу йилги Мурожаатномаси Ўзбекистонда давлат ҳокимиятининг моҳиятини ўзгартирадиган янги парадигмани эълон қилди. Сунъий интеллект асосидаги Ягона рақамли платформа — бу шунчаки технологик янгилик эмас, балки давлат ва фуқаро муносабатларини қайта қуриш, коррупцияни тизимли йўқ қилиш ва давлат хизматларини проактив тарзда кўрсатишга ўтишни англатади.
Шубҳасиз, "сунъий интеллект ҳокимияти" йўлидаги бу қадамлар Ўзбекистонни минтақада рақамли давлат бошқаруви бўйича етакчи мамлакатга айлантириш имкониятини беради. Бироқ технологиялар самарасини тўлиқ кўриш учун уларни жорий этиш билан бир қаторда ҳуқуқий кафолатлар, давлат хизматчиларини қайта ўқитиш ва фуқароларнинг рақамли саводхонлигини ошириш ҳам шундай даражада муҳимдир.
Гулноза Бобоева, ЎзА