Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамкорлигида симобни бошқариш ва Минамата конвенциясини амалга ошириш бўйича уч кунлик семинар ўтказилди.
Анжуманнинг асосий мақсади – Ўзбекистон учун илк миллий симоб инвентаризациясини яратишдир. Бу орқали мамлакатдаги турли соҳалар – энергетика, саноат, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқлардаги симоб манбалари, чиқиндини аниқлаш ҳамда баҳолаш режалаштирилган. Бу жараён халқаро Минамата конвенцияси доирасида амалга оширилаётгани аҳамиятли.
Иштирокчилар фикрича, ҳужжатнинг бош мақсади симоб ва унинг бирикмалари таъсирини камайтириш, инсон соғлиғи ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишдир. Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Хавфли кимёвий моддаларни оқилона бошқариш бўйича техник кўмак” лойиҳаси доирасида ташкил этилган семинарда энергетика, саноат, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалиги соҳалари вакиллари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этди.
ФАОнинг қишлоқ хўжалиги бўйича мутахассиси ва лойиҳа техник раҳбари Тания Сантиванес семинар натижаларига тўхталар экан, шундай деди:
– Семинар давомида Ўзбекистон мутахассислари симоб инвентаризациясини мустақил олиб бориш учун зарур бўлган энг зарур амалий кўникмаларни эгаллади. Энг муҳими, биз назариядан амалиётга ўта олдик. Жамоа аллақачон миллий маълумотлар асосида дастлабки инвентар лойиҳаларини шакллантиришни бошлади.
Қайд этиш керак, бу каби реал амалий натижалар халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимларининг узоқ муддатли хавфсизлигини таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган аналитик назорат маркази директори Рустам Эргашев семинар аҳамиятини қуйидагича изоҳлади:
– Симоб бўйича илмий асосланган инвентаризацияни яратиш – биз учун миллий устувор вазифа ва Минамата конвенциясига қўшилишнинг энг муҳим шартларидан биридир. Ушбу семинар мутахассисларимизни замонавий методология билан таъминлаб, идоралараро ҳамкорликни кучайтирди ва хавфли кимёвий моддаларни бошқариш бўйича миллий стратегиямизни олдинга силжитадиган муҳим қадам бўлди.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА