Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон миллий вақт шкаласи тўлиқ ҳосил қилинди
17:04 / 2023-12-05

Миллий матбуот марказида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология соҳасидаги қонунчилик талаблари, мазкур соҳалардаги ижобий натижаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, соҳанинг норматив-ҳуқуқий базаси янада такомиллаштирилиб, ўлчаш воситаларини қиёслашдан ўтказиш фаолиятининг хусусий сектор томонидан ҳам амалга оширилишини таъминлашга қаратилган “Метрология тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди.  

Қонун билан метрология хизматларини кўрсатиш соҳасига хусусий секторни кенг жалб қилиш ҳамда эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш орқали мавжуд монополияларни бартараф этиш мақсадида давлат метрология назоратини ташкил этиш ва соҳада хизматларни кўрсатиш функциялари белгиланди.  

Киритилган ўзгартиришлар билан Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ваколатидаги метрология хизматларини кўрсатиш ваколати Ўзбекистон миллий метрология институтига берилиши натижасида давлат метрология назорати ва метрология хизматлари кўрсатишда вужудга келадиган манфаатлар тўқнашуви бартараф этиладиган бўлди.  

Қонун билан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳисобланмайдиган юридик шахслар (хусусий сектор)га ўлчаш воситаларини қиёслаш хизматларини кўрсатиш ҳуқуқи ҳам берилди. Бу ўз навбатида, тадбиркорлик субъектларининг фаолият соҳасини кенгайтиришга, метрология хизматларини кўрсатиш бозорида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.  

Ўзгартиришларда саноат тармоқларида қўлланиладиган ўлчаш воситаларини қиёслаш хусусий сектор томонидан амалга оширилиши белгиланди. Шунингдек, қоидалар халқаро талаблар билан мувофиқлаштирилиши, шу аснода маҳсулот, жараёнлар, ишлар ва хизматлар хавфсизлиги масалаларида истеъмолчилар ҳамда давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, маҳсулот сифати ва рақобатбардошлигини ошириш назарда тутилди.  

Матбуот анжуманида қайд этилишича, миллий қонунчилик амалиётида қиёслашдан ўтказиб келинаётган амалдаги 315 та воситадан 224 тасини қиёслаш ҳуқуқи хусусий секторга берилди. Натижада хусусий сектор томонидан йилига ўртача 270 мингдан ортиқ ўлчаш воситаларига қиёслаш хизматини кўрсатиш орқали 20,5 миллиард сўмлик ишларни бажариш имконияти яратилди. Мисол учун, мазкур лойиҳа амалиётга киритилиши орқали нефть-газ ва кимё саноатида қўлланиладиган 100 мингдан ортиқ, машинасозлик ва металлургия саноатида 60 мингдан ортиқ, электротехника саноатида 30 мингдан ортиқ ўлчаш воситаларини хусусий сектор томонидан қиёслаш имкони яратилди.  

Институтда Туркия миллий метрология институтининг халқаро экспертлари иштирокида “Вақт ва частота лабораторияси”да эталоннинг дастлабки фаолияти йўлга қўйилди ва Ўзбекистонда Вақт ва частота эталони яратилди.  

Бунгача миллий вақт шкаласи Сунъий йўлдошли глобал навигацион тизим (GNSS) томонидан таъминланадиган вақт тизими билан синхронланган ҳолда ҳосил қилинар эди. Эндиликда лойиҳада кўзда тутилган Атом соати орқали Ўзбекистон миллий вақт шкаласи (UTC (UZ) тўлиқ ҳосил қилинди ва республика бўйлаб “аниқ вақт хизмати” йўлга қўйилди.  

[gallery-14904]

Соҳани  комплекс ривожлантириш, лабораторияларни замон талаблари асосида модернизация қилиш мақсадида институтнинг вилоятлардаги 16 та филиали фаолиятидаги имконият ва салоҳиятни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.  Шунинг учун ҳам саноатнинг аниқ ўлчашларга бўлган эҳтиёжини қондириш борасида ўлчаш воситаларини калибрлаш хизмати вилоятларда ҳам босқичма-босқич жорий қилинмоқда.  

Вилоятлардаги ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорларга янада қулайлик яратиш ва калибрлаш хизматлар қамровини кенгайтириш мақсадида қўшимча жами 10 та ҳудудий филиалларда калибрлаш лабораториялари ташкил этилиб, юқори аниқликдаги ўлчашлар хизмати кенгайтирилди. республика саноатида фойдаланилаётган юқори аниқликдаги ўлчаш воситаларининг калибрлаш қамрови 78 фоизга етказилди.  

Шаҳноза Маматуропова,

Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА