Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Миллий университетида янги ўқув йилига қандай тайёргарлик кўрилди?
17:00 / 2024-09-10

Миллий матбуот марказида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг 2024/2025 ўқув йилги тайёргарлик масалаларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Дастлаб университет масъуллари томонидан Ўзбекистон Миллий университетида янги ўқув йилига тайёргарлик, таълим сифатини ошириш, HEMIS ахборот тизимини жорий этишни такомиллаштириш, талабаларни турар жойлар билан таъминлаш, уларга билим олиши, салоҳиятини намоён этиши учун қўшимча имтиёз ва қулайлик яратиш, ёш тадқиқотчилар учун қулай имкониятларни йўлга қўйиш бўйича амалга оширилган ишлар хусусида батафсил маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ўзининг бир асрдан ортиқ фаолияти давомида наинки мамлакатимиз ва минтақамиз, балки жаҳон миқёсидаги минглаб салоҳиятли кадрлар, илм-фаннинг илғор вакилларини тарбиялаган, маърифий соҳада бетакрор мактаб яратган даргоҳ саналади.

1918 йилда ташкил этилган ушбу университет дунёнинг топ–1000 университетлари қаторидан жой олган бўлиб, таълимнинг деярли барча фундаментал йўналишлари бўйича Ўзбекистон олийгоҳлари учун республикамиздаги таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади.

[gallery-19193]

Айни пайтда мазкур олий таълим даргоҳида 56 та бакалавриат йўналиши, 59 та магистратура мутахассислиги бўйича 33 минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олади.

Университетда HEMIS ахборот тизими тўлиқ ишга туширилган бўлиб, унга барча маълумотлар тўлиқ ва тўғри киритилган. Семестрлар ва ҳафталиклар яратилган. Назорат жадваллари шакллантирилган. Университетнинг профессор-ўқитувчилари ва ходимлари учун HEMIS ахборот тизими https://hhemis.nuu.uz/ веб-саҳифасида жойлаштирилган.

Университетда 2024/2025 ўқув йилида ўқув жараёнини бошлаш учун 334 та аудитория, жумладан, 78 та маъруза хонаси, амалий машғулотларни ўтказиш учун мўлжалланган 148 та аудитория, 38 та компьютер зали, ўқув ва илмий лаборатория хоналари тайёр ҳолатга келтирилган ва замонавий техник жиҳозлар билан таъминланди.

Мазкур олий ўқув даргоҳида 11 та талабалар турар жойи мавжуд бўлиб, улар учун 5 минг 340 та ўрин берилган. Шундан 496 та ўринга хорижлик талабаларни жойлаштириш режалаштирилган.

2024/2025 ўқув йили учун талабаларни белгиланган мезонлар кетма-кетлиги асосида талабалар турар жойи ва ижара хоналарига жойлаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, университетнинг 4 та локациясида Талабалар турар жойи ва ижара хонадонларига жойлаштириш учун ёрдам кўрсатиш марказлари ( инфокиоскалар) ташкил этилди.

Ушбу марказларга (инфокиоскаларда) 100 нафарга яқин тажрибали тютор билан биргаликда 300 нафардан ортиқ волонтёр талаба бириктирилди.

Барча факультетлар тюторлари томонидан 755 та ижара хонадони базаси шакллантирилиб, талабаларни гуруҳ тюторлари орқали жами 6 минг 489 та ўриндан иборат ижара хонадонларига жойлаштириш йўлга қўйилди.

Университет расмий веб-сайти (nuu.uz) орқали янги топилган ижара уйлари (рўйхат бўйича тахминий танлов асосида) ҳамда ижара уйлари ҳақидаги маълумотлар (манзили, хонадон эгасининг исми шарифи, телефони, ижара уйининг нархи кўрсатилган ҳолда) 4 та манзилда ташкил этилган инфокиоскаларга жойлаштирилгани маълум қилиб борилмоқда.

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.

Н.Усмонова, Ойбек Пардаев(суратлар), ЎзА