Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Миллий университети Олмазор туманидаги 10 та мактабни оталиққа олди
17:15 / 2020-11-30

Ўзбекистон Миллий университети Олмазор туманидаги таълим сифати ва битирувчилари олий таълим муассасаларига кириш бўйича энг паст бўлган 10 та мактабни ўз оталиғига олди ва уларда таълим сифатини яхшилаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқди.

Унга мувофиқ, математика, физика, кимё, биология, тарих, рус тили ва адабиёти фанлари бўйича 1831 нафар ўқитувчи ЎзМУда малака оширади.

Мазкур мактабларга мос факультет ва кафедралар бириктирилиб,  фанлар кесимида ўқитувчиларнинг касбий маҳорати ва уларга методик ёрдам кўрсатиш орқали малакасини ошириш, университет профессор-ўқитувчилари ва мактаб ўқитувчилари “Устоз–шогирд” тизимини жорий этиш ҳамда юқори натижага эришган мактаб ўқитувчиларини “Университетнинг фахрий ўқитувчиси” мақомига кўтариш ва моддий рағбатлантириш режалаштирилган.  

Шунингдек, мактаб ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ўтказиш ва ғолибларга “Университет стипендияси”ни жорий этиш, юқори синф ўқувчиларини ОТМга ўқишга кириш учун тайёрлайдиган махсус ўқув-тайёрлов курслари, ижодий ва фан тўгаракларини ташкил этиш, беш ташаббус доирасида спорт мусобақалари ҳамда ижодий кечалар уюштириш кўзда тутилган.

Дастур доирасида Ўзбекистон Миллий университети ректори Аваз Мараҳимов бошчилигида факультет деканлари ва кафедра мудирлари Олмазор туманидаги 219-мактаб жамоаси ва ўқувчилари билан учрашди. Университет номидан мактабга 1 дона интерактив доска, компьютер синфи, бадиий ва ўқув адабиётлари тўплами совға қилинди.

Ўз навбатида бундай ижобий тажриба мамлакат бўйлаб кенг қулоч ёзишига, алал-оқибат таълим сифати ростмана юксалишига умид билдирамиз.