Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Миллий университети математика соҳасида дунёнинг энг кучли университетлари қаторида
12:42 / 2022-05-19

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети мамлакатимизнинг тўнғич илм ва зиё маскани бўлиб, бутун Марказий Осиё давлатлари олий ўқув юртларининг барпо бўлиши ҳамда улар тараққиётининг асосчиси сифатида салмоқли ўрин эгаллаб келмоқда.

Ушбу олий таълим муассасасининг республикамиз илм-фани ва маърифати ривожига қўшган мислсиз ҳиссаси билан ўз даврида Марказий Осиё олий таълимининг карвонбошиси бўлди. Миллатимизнинг чинакам ғурури ва ифтихорига айланди. Маълумки, бугунги кунда дунё илм-фанида сунъий интеллект, био ва нанотехнологиялар, “яшил” энергетика, биология, экология, тиббиёт, рақамли иқтисодиёт каби кўплаб йўналишлар жадал ривожланиб бормоқда. 

Давлатлар ва халқларнинг ушбу соҳаларда ўзаро ҳамкорлик қилиши жамият тараққиётини жадаллаштирадиган муҳим омиллардан эканлигини ҳаётнинг ўзи исботламоқда. Шу маънода ҳозирги тезкор замонда республикамиз ҳам ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари, жумладан математика йўналишида дунёнинг ривожланган мамлакатлари билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаб бориши жуда муҳим ҳисобланади.

Замонавий илм-фан ва техника ютуқларини математика фанининг ривожисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Барча фанлар ва соҳалар ривожининг локомотиви бўлган математикани “фанларнинг шоҳи” деб аташлари, бежизга эмас. 

Ҳозирги даврда ахборот-коммуникация технологиялари, физика, тиббиёт, биология, экология, рақамли иқтисодиёт каби кўплаб соҳаларда қўлга киритилаётган ютуқлар бевосита ушбу фан доирасида олиб борилаётган илмий-тадқиқотларнинг маҳсулидир. Бугунги кунда барча соҳалар ривожланишига асос бўлаётган математика фанининг тамал тоши бизнинг заминда Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек сингари улуғ аждодларимиз томонидан қўйилгани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди. 

Мамлакатимизда математика соҳасидаги илмий мактаблар ўтган асрнинг биринчи ярмидан шакллана бошлаган. Илмий мактабларга асос солган олимлар Всеволод Романовский, Тошмуҳаммад Саримсоқов, Саъди Сирожиддинов, Махмуд Салоҳиддинов, Тўхтамурод Жўраев, Нўъмон Сатимов каби академиклар Ўзбекистонда математика фанининг ривожига беқиёс ҳисса қўшдилар. Ана шундай атоқли устозларимиз томонидан яратилган илмий мактаблар бугунги кунда ҳам ўзининг салоҳиятини бутун дунёга намоён этиб келмоқда. 

Президентимизнинг 2019 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мазкур Концепцияда Ватанимизни яқин келажакда ва узоқ муддатли илмий ривожланиш асоси белгилаб берилди. Фармонда юртимиздаги олий таълим муассасалари олдига бир қатор аниқ вазифалар қўйилди. Унга кўра, Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини дунёдаги биринчи 500 та ўриндаги университетлар рўйхатига киритиш кўзда тутилган. 

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети жамоаси дунёдаги нуфузли университетлар қаторидан ўрин олиш учун муҳим стратегик вазифаларни бажармоқда. Университетда таълим сифати, илмий тадқиқотларни амалиётга жорий этилиши борасида талай ижобий натижаларга эришилди. Ўтган вақт мобайнида университет дунёнинг бир нечта рейтингларида иштирок этиб келмоқда. 

QS рейтингини тузиш учун ўндан ортиқ кўрсаткичдан фойдаланилади: университетнинг академик муҳитдаги обрў-эътибори (бу асосий мезон), иш берувчиларнинг университет битирувчиларига бўлган муносабати, университет профессор-ўқитувчиларининг илмий ишларига иқтибослик, ўқитувчилар ва талабалар сонининг нисбати, шунингдек хорижий ўқитувчилар ва талабаларнинг нисбий сони. Ҳар йили дунё бўйича 18,4 мингдан ортиқ олий ўқув юртларига шу тартибда баҳо берилади.  

Яқинда “Quacquarelli Symonds” Халқаро рейтинг компанияси дунё университетларининг фан соҳалари рейтинги (Subject Rankings)ни эълон қилди. Унда Ўзбекистон Миллий университети “QS by Subject Rankings” бўйича математика соҳасида эришган натижаларига кўра дунёнинг кучли университетлари орасида 451-500 ўринни эгаллади. 

Мазкур фан бўйича олимларнинг Scopus базасига кирган илмий журналлардаги мақолалари сони, улардан иқтибослик кўрсаткичининг юқорилиги, дунё математиклари университетнинг академик обрўсини юқори баҳолагани бунга йўл очди. 

Ўзбекистон Миллий университети математика фанини ривожлантиришга, республикамиз халқ хўжалигининг турли тармоқлари учун юқори малакали мутахассислар тайёрлашда асосий локоматив бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Шу билан бирга ЎзМУ математик тадқиқотларнинг жаҳон даражасида эътироф этилган марказларидан бирига айланди.   

Д.Маматова,  ЎзА