Ўзбекистон миллий терма жамоаси ФИФА рейтингида 50-поғонадан жой олди
ФИФА эркаклар терма жамоалари ўртасидаги янгиланган рейтингни эълон қилди. Унга кўра, Испания, Аргентина, Франция, Англия ва Бразилия терма жамоалари кучли бешликдан ўрин олди.
Биз учун муҳим жиҳати шундаки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бирданига беш поғона юқорилаб, 1462,03 балл билан 50-ўринни эгаллади. Бу натижага жамоамиз Бирлашган Араб Амирликларида ФИФА кунлари доирасида ўтказилган “Ал-Айн халқаро кубоги”да Миср ва Эрон термаларини мағлуб этгани орқали эришди. Мазкур учрашувлардаги ғалабалар миллий терма жамоамизга 9,69 балл олиб келди.
Шунингдек, янги рейтингга кўра, Ўзбекистон Қатарни ортда қолдирган ҳолда, Япония, Эрон, Жанубий Корея ва Австралиядан кейин Осиёда бешинчи ўринда қайд этилди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА