English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси 31 ёшда
11:46 / 2023-01-21

Бугун Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси ташкил этилганига 31 йил тўлди.

1993 йилнинг сентябрь ойида Халқаро олимпия қўмитасининг 101-сессиясида Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси ХОҚ томонидан расман тан олинган ва шундан сўнг ташкилот халқаро майдонда фаолият олиб бориш имкониятига эга бўлганди.  

Шу кундан эътиборан, мамлакатимиз спортчилари Ўзбекистон байроғи остида ёзги ва қишки Олимпия ўйинларида, қитъа ўйинларида, расмий жаҳон чемпионатларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.  

Ўтган йиллар давомида Миллий олимпия қўмитаси мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, олимпизмнинг эзгу ғояларини илгари суриш йўлида кенг кўламда иш олиб бормоқда.  

Бундан ташқари, жаҳон майдонида Ўзбекистоннинг обрў-эътиборини ошириш, бой маданий меросимизни кенг тарғиб этиш борасида нуфузли спорт ташкилотлари, халқаро ҳамжамият вакиллари билан кенг қамровли ҳамкорликни таъминлаб келмоқда.

Ортда қолган йиллар давомида Ўзбекистон спорт делегацияси 8 та қишки ва 7 та ёзги Олимпия ўйинларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Миллий олимпия қўмитаси давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимизнинг бевосита қўллаб-қувватлаши билан "Париж-2024" ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига катта ҳажмда тайёргарлик олиб бормоқда.  

Лицензион мусобақаларга ҳозирлик кўраётган терма жамоаларимизнинг маҳаллий ва хорижий ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этиши учун имконият яратилмоқда.

Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси аъзоларини, спорт турлари бўйича федерация ва ассоциацияларни, терма жамоаларимизни, олимпиячиларимизни ва уларни тарбиялаётган жонкуяр мураббийларимизни, ўзбек спортининг ашаддий мухлисларини бугунги сана муносабати билан самимий муборакбод этамиз.

ЎзА