Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Миллий музейида кўп минг йиллик тарих ва беқиёс меросимиз дунё аҳлига борича намойиш этилади
10:15 / 2025-09-17

Президент ташрифидан сўнг...

Давлатнинг барқарор ривожи ва тараққиёти йўлида иқтисодий чора-тадбирлар билан бирга маънавий, маданий ислоҳотларнинг ўрни ҳам беқиёс. Шу маънода бугун юртимиз келажагини янада ёрқин тимсоллар билан бойитиш мақсадида тарихий осори-атиқаларни халқимизга намойиш этиш, ёшларнинг аждодлар меросидан ифтихор туйиши учун имкониятлар яратилмоқда. Жумладан, 27 август куни Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Миллий музейи қурилишига тамал тоши қўйди.

Бундай маҳобатли музей юртимиз тарихида илк бор барпо этилмоқда. Унинг умумий майдони 40 минг квадрат метр бўлади. Кўргазма заллари, кутубхона, реставрация лабораториялари ва экспонатларни сақлаш хоналарида энг замонавий қулайликлар яратилади. Мазкур музейнинг аҳамияти хусусида давлат ва жамоат вакиллари ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, мустақилликни, миллий ўзлигимизни юзага чиқаришда бу каби эзгу саъй-ҳаракатларнинг ҳеч бири бесамар қолмаслигини таъкидлаб келмоқда. 

– Маданият ва маърифат ҳамда тарихий меросимиз авваламбор, ўзлигимизни шакллантириш, ўтмишимизни янада яхшироқ ўрганиб, англашимизга туртки беради, – деди Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, профессор Баҳром Абдуҳалимов. – Шу билан бирга, халқимизни, жумладан, ёшларимизни юртга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади. Ўтган даврларга назар ташлайдиган бўлсак, айни йўналишда жуда катта ишлар амалга оширилди. 100 дан ошиқ музейлар таъмирланди. Ўзбекистон хориждаги музейларда ўзининг артифактлари, осори-атиқалари, экспозициялари намойишини ташкил қилди. Германия, Италия ва дунёнинг бошқа давлатларида юртимиз ёдгорликлари кўрсатилиб, дунё ҳамжамиятига халқимизнинг нурли ўтмиши ҳақида тарғибот ишлари олиб борилди. 

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан яқинда Ўзбекистон Миллий музейи қурилишига тамал тоши қўйилди. Президентимиз  бу узоқ йиллар режалаштириб келингани ва юртимиз иқтисодий жиҳатдан ривож топиб бораётгани ҳамда имкониятларимиз шундай ишларни қилишга туртки бўлаётганини таъкидлади. Дарҳақиқат, қурилаётган Ўзбекистон Миллий музейи уч минг йиллик тарих ва беқиёс меросимизни дунё аҳлига борича намойиш этишда муҳим мажмуа бўлиб хизмат қилади. 

– Юртимизда музейлар кам эмас, пойтахтимизнинг ўзида ўттиздан ортиқ музей бор, юз мингдан ортиқ экспонатлар мавжуд, лекин уларнинг кам фоизинигина намойиш қилиш имкониятига эга эканмиз, – дея фикр билдиради Кинематография агентлиги директори Шуҳрат Ризаев. – Бизнинг мана шу ноёб осори-атиқаларимизни намойиш этиш учун Ўзбекистон Миллий музейи қурилишига тамал тоши қўйилди. Бу бизнинг меросимизни энг замонавий технологиялар асосида намойиш қилиш учун имкониятли, ғоятда муҳташам, маҳобатли мажмуа бўлади. Япония ва Германиянинг таниқли компаниялари лойиҳаси асосида Хитой қурувчилари томонидан бунёд этилаётгани ҳам мазкур бунёдкорлик ишларининг беқиёслигини таъминлайди. 

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Миллий музейи чин маънода тирик тарих вазифасини бажаради. Бунда ўтмишимизни санъат даражасида намойиш этиш имкони туғилади. Натижада бу ер аввало ёшларни ўзига жалб этади, десак, муболаға бўлмайди. Боиси маънавий озуқа макони бўлади, миллий ғурурни акс эттирувчи маскан сифатида қад ростлайди. 

Президентимиз Ўзбекистон Миллий музейига тамал тошини қўйиш асносида: “Биз бу музейни кимгадир кўз-кўз қилиш учун қурмаяпмиз. Биринчи навбатда ўзимиз учун, ёшларимиз ўзлигини англаши учун, Ватандан ифтихор, фахр туйиши учун барпо қиляпмиз“, дея алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон Миллий музейи Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамоҳанг, ягона мажмуа тусига эга бўлади. Яъни Ислом цивилизацияси марказини кўрган хорижликлар “Бу қандай халқ, қандай миллатки, беқиёс меросга эга“, дея қизиқиб, сўнгра замонавий Ўзбекистон Миллий музейига ҳам интила бошлайди. Халқимиз вакилларининг эса, аждодларимиз салоҳиятига ёндашувларини янада кенгайтиради, десак, хато қилмаган бўламиз.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/UpenYoRKsTg?si=keeWV3ABAslxiu1r" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

ЎзА мухбири

Абдулазиз РУСТАМОВ

 ёзиб олди.