French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Ўзбекистон Миллий банки тўпламидан танланган асарлар» номли янги каталог тақдимоти
19:54 / 2025-12-12

Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида «Ўзбекистон Миллий банки тўпламидан танланган асарлар» номли янги каталогнинг тантанали тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Ушбу нашр мамлакатимиз бадиий меросининг бойлигини ва замонавий ўзбек санъатининг ранг-баранг йўналишларини намоён этувчи муҳим маданий лойиҳа.

Китоб «Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан санъат асарлари тўпланишининг 30 йиллиги, шунингдек Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясининг 20 йиллиги муносабати билан тайёрланган бўлиб, ушбу икки муҳим сана миллий маданият ривожидаги узлуксиз саъй-ҳаракатларни ва санъатни қўллаб-қувватлаш борасидаги долзарб ташаббусларни яна бир бор ёритиб беради.

«Ўзбекистон Миллий банки тўпламидан танланган асарлар» номли янги каталог XX–XXI асрларда ижод қилган ўзбек рассомлари, ҳайкалтарошлари ва графикларининг сара асарларини ўз ичига олади. Нашрга киритилган асарлар миллий санъат мактабининг шаклланиши ва ривожланиши, турли йўналишлар ва услубларнинг бойлиги, рассомларнинг индивидуал бадиий изланишлари каби жараёнларни ёритиб беради.

[gallery-26711]

Каталогдан ўрин олган асарлар орасида ўзбек тасвирий санъати тарихида муҳим ўрин тутган ёрқин намуналар, замонавий бадиий фикрнинг янги талқинлари, турли техникаларда бажарилган ишларнинг бадиий-эстетик қиммати акс этган. Нашрда муаллифлар ҳақида маълумотлар, бадиий таҳлиллар ва юқори сифатли иллюстрациялар жой олган.

Ушбу тақдимот миллий тасвирий санъатимиз ривожида алоҳида  аҳамият касб этади. Тақдимот маросими санъат аҳлини, рангтасвир ва графика соҳасидаги мутахассисларни, музейшунослар, кураторлар, таниқли рассомлар ҳамда санъат ишқибозларини бир майдонга тўплагани билан диққатга сазовор бўлди.  

Тадбир доирасида меҳмонлар Ўзбекистон Миллий банки тўпламининг шаклланиш тарихи билан танишиш, банкнинг маданият соҳасини қўллаб-қувватлашдаги роли ҳақида кенгроқ маълумот олиш, каталогнинг концепцияси ва бадиий қиймати юзасидан фикр алмашиш, мутахассислар билан мулоқот қилиш имкониятига эга бўлди.

Ўзбекистон Миллий банки ва Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси мамлакатимизда бадиий маданиятни тарғиб қилиш, ёш ва тажрибали рассомларни қўллаб-қувватлаш ҳамда миллий санъатни юқори даражада намоён этишда узоқ йиллардан бери самарали ишларни амалга оширмоқда. Ушбу каталогнинг нашр этилиши миллий бадиий меросни ҳужжатлаштириш ва сақлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.

Н.Усмонова, А.Мамадаминов (сурат), ЎзА мухбирлари