Мамлакатимизда сўнги йилларда барча соҳалар каби спорт соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижаси юксак натижаларга эришилмоқда.
Бунда Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги томонидан спортчиларни допингда ҳимоя қилиш, халқаро меъёр ва қонун-қоидалар билан таништириб бориш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хусусан агентлик мутахассисларининг чекка ҳудудларга чиққан ҳолда антидопинг ўқув-семинарлари ва давра суҳбатлари ўтказиб келаётгани ҳам эътиборли бўлмоқда.
Маълумки, WADA томонидан 206 та давлатдаги Миллий антидопинг ташкилотлар фаолияти 4 гуруҳга бўлинган ҳолда баҳолаб борилади. Булар, 1-гуруҳ юқори, 2-гуруҳ яхши, 3-гуруҳ қониқарли ва 4-гуруҳ қониқарсиз. Ўзбекистон бу гуруҳлардан антидопинг соҳасида ёш мамлакат бўлишига қарамай 1-гуруҳ, яъни фаолияти юзасидан юқори натижалар қайд этган мамлакатлар қаторидан жой олди.
Мазкур гуруҳда МДҲ мамлакатларидан Ўзбекистон, Белорусь, Россия ва Қозоғистон жой олган бўлса, Озарбайжон, Арманистон, Қирғизистон 2-гуруҳдан, Тожикистон, Туркманистон ва Молдова 3-гуруҳдан жой олган.
Шу ўринда қандай сабаблар асосида давлатлар бу гуруҳларга бўлинади деган савол туғилиши табиий.
Бутунжаҳон антидопинг агентлиги Кодекси талабларини ўз вақтида бажариш, яъни спортчи, шифокор ва мураббийларни антидопинг соҳасидаги билимларини ошириш, допинг синамаси олиш ва уларни натижалари (ижобий натижалар камлиги инобатга олинади) ҳамда Халқаро тоифадаги допинг офицер ва суруштирув-офицерлари мавжудлиги ва энг асосийси, мувофиқлик даражаси берилишига қараб бўлинади.
Маълумот учун айтиш лозим, Ўзбекистон Республикаси Миллий антидопинг агентлиги Бутунжаҳон антидопинг Кодексининг мувофиқлик назоратидан 2023 йил II чорагида муваффақиятли ўтган агентлик ҳисобланади.
Бутунжаҳон антидопинг агентлиги томонидан номувофиқ деб топилган мамлакатларга нисбатан санкциялар қўлланилади. Бу санкциялар Кодекс талабларини тўлиқ, қисман ёки умуман талабга мос келмаслик турларига қараб турлича бўлади. Мисол учун, мамлакат номидан халқаро мусобақаларда иштирок этмаслик, иштирок этган тақдирда мамлакат байроғи кўтарилмаслиги каби жазо турларига бўлинади.
Т. Рўзиев, ЎзА