Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик юрти
14:26 / 2025-11-27

Навоий шаҳридаги “Дўстлик ва нодавлат-нотижорат ташкилотлари уйи”да “Ўзбекистон – миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик юрти” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

“Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасида ташкил этилган тадбирда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети Кимё-металлургия факультети иқтидорли ёшлари ҳамда вилоятда фаолият юритаётган миллий-маданий марказлар вакиллари иштирок этди. 

2024 йил 26 августда Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда 2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Президентимиз томонидан “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон қабул қилинди. Ҳужжат фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашда шаффоф ва соғлом рақобатга асосланган тизимни йўлга қўйиш, шунингдек, ижтимоий фойдали дастурлар самарадорлигини ошириш учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган.

[gallery-26442]

Унга кўра, ҳар йили декабрь ойининг биринчи ҳафтасида “Фуқаролик жамияти ҳафталиги”ни ўтказиб бориш белгиланган. 

Таъкидлаш ўринлики, Бош қомусимизнинг 72-моддасида давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайди, уларга жамият ҳаётида иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратади, деб алоҳида белгилаб қўйилган.

Бугунги кунда Навоий вилоятида ўзбеклар билан бирга рус, қозоқ, қорақалпоқ, тожик ва бошқа миллат вакиллари тинч-тотувликда истиқомат қилмоқда. Улар ўзбеклар билан тенг шароитда, яратилаётган имконият ва имтиёзлардан фойдаланган ҳолда меҳнат қилмоқда.

Вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 66 тасида қозоқ, 5 тасида тожик, 3 тасида қорақалпоқ ва 21 тасида рус тилида таълим берилади. Президент қарорига асосан олис чўл ҳудудлари саналмиш Учқудуқ, Томди ва Конимех туманларида истиқомат қилаётган аҳоли фарзандлари учун олий таълим муссасаларига ўқишга кириш борасида имтиёзлар берилган.

Ҳозир вилоятда 9 та конфессия, 13 та черков ва 81 та масжид фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, 10 та миллий маданий марказда турли миллат вакиллари ўз анъана ва қадриятларини улуғлаб келмоқда.  

Миллий маданий марказларга нодавлат нотижорат ташкилотлари сифатида муайян имтиёзлар яратилган. Айни пайтда грантлар, ижтимоий буюртма ва субсидиялар орқали ҳам уларнинг турли ташаббуслари фаол қўллаб-қувватланмоқда. Бундан ташқари, вилоят марказида фаолият юритаётган 5 та миллий маданий марказларга Навоий шаҳридаги “Дўстлик ва ННТлар уйи”дан хона ва жиҳозлар ажратилган.

Учрашув доирасида мазкур марказлар ҳамда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ўртасида келгусидаги қўшма лойиҳалар ва маърифий тадбирлар юзасидан меморандум ҳам имзоланди. 

– Бугунги тадбир доирасида Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг Навоий вилояти бўлинмаси ҳамда университетимиз ўртасида меморандум имзоланиши ҳамкорлигимизни янги босқичга олиб чиқади, – дейди Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети кафедра мудири Шуҳрат Норов. – Ушбу ҳужжат асосида фуқаролик жамияти, ёшлар фаоллиги, волонтёрлик, ижтимоий лойиҳалар, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни тарғиб этишга қаратилган қўшма тадбирларни тизимли йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Университет жамоаси номидан шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, биз ҳар қандай форматдаги тадбирларда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик ғоясини ёшлар онгига сингдириш, уларни турли миллат ҳамда конфессия вакилларига нисбатан ҳурмат ва очиқлик руҳида тарбиялашни устувор вазифа, деб биламиз. Бугунги тадбир ҳам талабаларнинг дунёқараши, маънавий олами ва фуқаролик позициясини мустаҳкамлашда муҳим майдон бўлиб хизмат қилди. Шу каби лойиҳалар орқали нафақат бугунги талаба ёшлар, балки келажак авлод учун ҳам тотувлик ва ҳамжиҳатликка асосланган мустаҳкам пойдевор яратилади, деган ишончдамиз.

Тадбир давомида ўзбек, рус, қорақалпоқ, қозоқ тилларида куй-қўшиқлар, шеърлар ижро этилди. 

А.Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари