Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Марказий Осиё мамлакатлари: ўзаро ҳамкорлик барқарор иқтисодий ўсишни таъминламоқда
20:06 / 2025-11-15

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан иқтисодий ҳамкорлиги сезиларли даражада кенгайиб, мустаҳкамланди. Бу нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақадаги бошқа мамлакатларнинг ҳам барқарор иқтисодий ўсишига ҳисса қўшди.

Ўзбекистон томонидан қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган устувор минтақавий сиёсат амалга оширилиши натижасида Марказий Осиёнинг барча давлатлари Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари қаторига кирди. Ўзбекистон ташқи савдосида минтақанинг улуши 10,6 фоизни, экспортда — 9,8 фоизни, импортда — 11,1 фоизни ташкил этмоқда.

Сўнгги 8 йилда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо-иқтисодий ҳамкорлиги бўйича асосий кўрсаткичлар кескин ошди:

– Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айланмаси 2,6 баробарга ўсиб, 7,0 млрд. долларга етди; экспорт 1,8 баробарга ошиб 2,7 млрд. долларни, импорт эса 3,5 баробарга ўсиб 4,3 млрд. долларни ташкил этди.

– Марказий Осиё мамлакатлари иштирокидаги корхоналар сони 6,7 баробарга кўпайиб, тахминан 2,1 мингтага етди. Бу Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча хорижий инвестицияли корхоналарнинг қарийб 12,5 фоизини ташкил этади.

– Ўзбекистонга Марказий Осиё мамлакатларидан жалб қилинаётган йиллик тўғридан-тўғри инвестициялар ва кредитлар ҳажми 240 баробарга ошиб, 2024 йилда 482,4 млн. долларни ташкил этди, 2017 йилда бу кўрсаткич атиги 2,0 млн. доллар бўлган.

Шу тариқа, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан иқтисодий ҳамкорлиги сезиларли даражада кенгайди ва мустаҳкамланди. Бу нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақадаги мамлакатларнинг барқарор иқтисодий ўсишига хизмат қилди.

2030 йилгача бўлган минтақавий кутилмалар

Мавжуд прогнозларга кўра, келгуси йилларда Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти тез суръатларда ўсишда давом этади. Ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиши ўртача 4–5 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Минтақа аҳолиси 2030 йилга бориб 90 миллион нафарга етиб, ҳозиргидан7 миллионга ошади.

Экспорт ҳажми ҳам сезиларли даражада ортиб, 127 миллиард доллардан 225 миллиард долларгача ўсади. Шу билан бирга, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар захираси 250 миллиард долларгача етиши кутилмоқда.

Умумий ҳисобда, 2030 йилга келиб Марказий Осиё мамлакатларининг ЯИМи 1,6 баробарга ошиб, 513 миллиард доллардан 834 миллиард долларгача кўпайиши мумкин. Харид қилиш қобилияти паритети бўйича эса ЯИМ 1,4 баробарга ўсиб, 1,6 триллион доллардан 2,3 триллион долларгача етади.

Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ амалдаги нархларда ўртача 10,1 минг долларга, ХҚП бўйича эса 25 минг долларга етади. Шу билан бирга, мамлакатлар ўртасидаги фарқ сезиларли бўлиб қолади: амалдаги нархларда 3,5 минг доллардан 20 минг долларгача, ХҚП бўйича эса 12 минг доллардан 55 минг долларгача.

Бироқ бундай натижаларга эришиш учун мамлакатлар барқарор ўсишни таъминлайдиган аниқ чора-тадбирларни биргаликда амалга ошириши, шунингдек, қуйидаги муҳим йўналишларда мақсадли минтақавий ҳамкорликни кучайтириши талаб этилади.

Ўзаро савдони кенгайтириш салоҳияти қай даражада?

Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ўзаро савдо 1996–1997 йилларда имзоланган икки томонлама эркин савдо битимлари асосида эркин савдо режимида амалга оширилади.

Сўнгги 8 йилда Марказий Осиё мамлакатларининг умумий ташқи савдо ҳажми деярли 2 бараварга ўсиб, 127,1 миллиард доллардан 248,6 миллиард долларга етди.

2024 йилда минтақанинг умумий экспорти 126,7 миллиард долларни ташкил этди, лекин ички экспорт, яъни Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо — атиги 10,6 миллиард доллар бўлиб, умумий экспортнинг 8,3 фоизи даражасида қолди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари бир қатор товарлар бўйича бир вақтнинг ўзида учинчи давлатларга ҳам экспорт қилади ва шу маҳсулотларни улардан импорт ҳам қилади.

Масалан, хом нефть: экспорт — 43 миллиард доллар, импорт — 483 миллион доллар; табиий газ: экспорт — 11,9 миллиард доллар, импорт — 2,2 миллиард доллар; нефть маҳсулотлари: экспорт — 3,1 миллиард доллар, импорт — 4,0 миллиард доллар;

мис рудалари ва концентратлари: экспорт — 3,1 миллиард доллар, импорт — 206 миллион доллар; алюминий: экспорт — 651 миллион доллар, импорт — 149 миллион доллар; полипропилен: экспорт — 260 миллион доллар, импорт — 248 миллион доллар; полиэтилен: экспорт — 276 миллион доллар, импорт — 231 миллион доллар; темир прокати: экспорт — 365 миллион доллар, импорт — 209 миллион доллар; ун: экспорт — 843 миллион доллар, импорт — 137 миллион доллар; буғдой: экспорт — 201 миллион доллар, импорт — 707 миллион доллар; кунгабоқар ёғ: экспорт — 181 миллион доллар, импорт — 107 миллион доллар; тўқимачилик маҳсулотлари: экспорт — 491 миллион доллар, импорт — 146 миллион доллар.

Тўқимачилик маҳсулотлари бўйича ҳам вазият шунга ўхшаш: экспорт ҳажми 1,2 миллиард доллар, импорт ҳажми эса 1,1 миллиард доллар.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳисоб-китобларига кўра, учинчи давлатлардан импорт қилинаётган маҳсулотларни минтақанинг ўзида ишлаб чиқарилган ва ўзаро етказиб бериладиган маҳсулотлар билан алмаштириш орқали Марказий Осиё ички савдосини қўшимча 11,4 миллиард долларгача, яъни 2 баробардан кўпроқ ошириш мумкин.

Кўриниб турибдики, ички савдони ошириш салоҳияти юқори. Ундан фойдаланиш учун тариф ва нотариф тўсиқларни камайтириш, шунингдек, минтақадаги экспортчи ва импортчилар учун умумий бозордаги талаб ва таклиф ҳақида доимий ахборот майдони яратиш зарур.

Бу мақсадда Марказий Осиё мамлакатлари ўзаро савдо амалга оширадиган қўшма минтақавий товар-хомашё биржасини ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Бу биржа орқали импортчиларни олдин учинчи давлатлардан харид қилган товарларни эндиликда минтақадан сотиб олишга рағбатлантириш мумкин.

Янги тармоқларни биргаликда ривожлантириш

Маълумки, Марказий Осиё мамлакатлари саноат учун жуда муҳим бўлган критик минераллар захираларига эга. Минтақада жами тахминан 385 та ноёб ва ноёб ер металлари конлари аниқланган. Жумладан, АҚШ Геология хизматининг 2018 йилги маълумотларига кўра:

– Қозоғистонда — 160 та,

– Ўзбекистонда — 87 та,

– Қирғизистонда — 75 та,

– Тожикистонда — 60 та,

– Туркманистонда — 2 та.

Минтақа ҳудудида жаҳон захираларининг катта қисми тўпланган:

– марганец рудаси — 38,6 фоиз,

– хром — 30 фоиз,

– қўрғошин — 20 фоиз,

– руҳ — 12,6 фоиз,

– титан — 8,7 фоиз, шунингдек сурма, мис, кумуш, уран, олтин ва бошқа зарур минераллар, шу жумладан литий, графит, никель, кобальт, магний, скандий ва бошқаларнинг захиралари мавжуд.

Айтиш жоизки, ҳозирги кунда критик минералларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳаси кўплаб мамлакатларда стратегик аҳамият касб этмоқда. Европа Иттифоқи мутахассисларининг баҳолашича, Европага етказиб бериладиган стратегик минералларнинг 40 фоиздан ортиғи Марказий Осиёдан келиши мумкин.

Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан яна бири — ахборот технологиялари соҳаси. Бу йўналишда қўшма ташаббуслар, ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш билан боғлиқ янги ечимлар, шунингдек минтақадаги истиқболли стартапларни жаҳон бозорларига олиб чиқиш муҳим аҳамият касб этади.

Ҳозирги пайтда деярли барча Марказий Осиё мамлакатларида IT парклар ташкил этилган:

– Тошкентда — IT Park Uzbekistan,

– Астанада — Astana Hub,

– Бишкекда — High Technology Park,

– Душанбе шаҳрида — IT Park Dushanbe.

Уларда резидентлар учун солиқ имтиёзлари жорий этилган. Шунингдек, IT парклар ўртасида ўзаро ҳамкорлик кенгаймоқда. Масалан, ўтган йилнинг охирида IT Park Uzbekistan ва Astana Hub “Central Asian Innovation Hubs” номли қўшма инновацион альянс тузиш бўйича меморандум имзолади.

Ўзбекистон ва Қозоғистон IT парклари Марказий Осиёда ахборот-коммуникация хизматлари бозорини 10 миллиард доллар, экспорт ҳажмини эса 1,5 миллиард доллар деб баҳоламоқда. Улар ҳамкорлик минтақа стартап-экотизимларига янги туртки бериши, жаҳон бозорида рақобатбардошликни ошириши ва Марказий Осиёнинг инвестицион жозибадорлигини кучайтиришини таъкидламоқда.

“Central Asian Innovation Hubs” ташаббуси амалга оширилиши натижасида минтақавий стартапларнинг жаҳон миқёсида танилиши ошади, лойиҳаларни йирик халқаро компанияларга тақдим этиш имкониятлари кенгаяди.

IT Park Uzbekistan шунингдек, Қирғизистоннинг High Technology Park ва “Ассоциация разработчиков программного обеспечения” ҳамда IT Park Dushanbe билан ҳамкорликни йўлга қўйган.

Айтиш жоизки, IT Park Uzbekistan резидентлар сони ҳозирда 2,8 мингдан ортиқ, шулардан 752 таси хорижий компаниялардир. Охирги беш йилда IT соҳасининг экспорти 170 миллион доллардан 1 миллиард долларгача ошди. Бугунги кунда ушбу соҳа орқали тахминан 40 минг ёш мутахассис юқори даромад топмоқда.

Саноат кооперациясини кенгайтириш – янги имкониятлар

Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида саноат кооперациясини кенгайтириш — бу минтақанинг иқтисодий ўзаро тўлдирувчи салоҳиятидан максимал даражада фойдаланиш имкониятидир. Саноат кооперацияси янги ишлаб чиқариш қувватларини яратишга, мавжуд қувватларни тўлиқ ишлатишга, саноат корхоналари учун зарур хомашёни бир-бирига етказиб беришга, технология ва мутахассислар алмашувини йўлга қўйишга, ўзаро савдо ҳажмини оширишга ҳамда учинчи мамлакатлардан келадиган импортни қисқартиришга хизмат қилади.

Бу йўналишда энг катта истиқбол қўшилган қийматнинг минтақавий занжирларини шакллантиришга тегишли. Жумладан, саноат ва қишлоқ хўжалиги кластерларини яратиш ишлаб чиқариш харажатларини камайтиришга асос солади. Масалан, Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятида, Қозоғистон билан чегара ҳудудида, “Марказий Осиё” Халқаро саноат кооперацияси маркази махсус иқтисодий зонаси ташкил этилган. Бу ерда саноат кооперацияси импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш орқали ривожлантирилади.

Қозоғистонда ҳам қатор йўналишларда қўшма корхоналар ташкил этилган: енгил автомобиллар йиғиш, маиший техника ишлаб чиқариш, текстиль маҳсулотлари тайёрлаш. Қирғизистон ва Тожикистонда эса ўзбек бизнеси иштирокида маиший техника ва металлоконструкциялар ишлаб чиқарувчи қўшма корхоналар фаолият юритмоқда.

Трансмиллий компанияларни минтақада ўз ишлаб чиқаришларини очишга биргаликда жалб этиш Марказий Осиё мамлакатларининг саноат корхоналарини етакчи жаҳон ишлаб чиқарувчиларининг қиймат занжирига улаш имконини беради. Бу эса:

– саноат кооперациясининг янада кучайишига,

– минтақавий иқтисодий интеграция даражасининг ошишига,

– учинчи мамлакатлар бозорларида рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти кенгайишига,

– янги технологияларни жалб қилишга,

– илмий-ишлаб чиқариш базасини ривожлантиришга ва маҳаллий кадрлар тайёрлаш тизимини кучайтиришга хизмат қилади.

Айтиш жоизки, минтақада жамғарилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми барқарор ўсиб бормоқда. Сўнгги 30 йилда ХҚП нол даражадан 220,5 миллиард долларга етди. ҲҚП ўсиши барча мамлакатларда кузатилмоқда:

– Қозоғистон — 151,3 миллиард доллар (68,6 фоиз),

– Туркманистон — 44,6 миллиард доллар (20,2 фоиз),

– Ўзбекистон — 16,7 миллиард доллар (7,6 фоиз),

– Қирғизистон — 4,0 миллиард доллар (1,8 фоиз),

– Тожикистон — 4,0 миллиард доллар (1,8 фоиз).

Бу рақамлар Марказий Осиёнинг инвестицион жозибадорлиги ортиб бораётганини, инвестициялар нафақат қазиб олиш тармоқларига, балки қайта ишлаш саноати, энергетика ва қишлоқ хўжалигига ҳам фаол йўналтирилаётганини кўрсатади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА