Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Малайзиядаги халқаро кўргазмада иштирок этди
17:29 / 2023-09-13

Кеча Малайзия пойтахтида “Malaysia International Halal Showcase – “MIHAS-2023” халқаро ҳалол маҳсулотлар кўргазмаси очилди. Куала-Лумпурда жойлашган халқаро савдо ва кўргазмалар марказида бўлиб ўтаётган тадбирда республикамиз корхоналари вакиллари ҳам иштирок этмоқда. 

Ҳалол маҳсулотлар саноати бўйича дунёдаги энг йирик кўргазма ҳисобланган “MIHAS-2023” 2004 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинади. Анжуман ташкилотчиси – Малайзия савдо ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Халқаро савдони ривожлантириш корпорацияси (MATRADE).       

43 мамлакатдан 549 компания, 64 мамлакатдан 16,5 минг киши келган бу йилги кўргазманинг очилиш маросимида Бош вазир Анвар Иброҳим ҳозир бўлди. Мутахассислар “ҳалол” саноатнинг янги йўналишлари, тенденциялари билан танишдилар. 

Вакилларимиз иштирокчиларга мамлакатимиз экспорт салоҳияти, маҳаллий маҳсулотларни хорижий мамлакатлар бозорига чиқариш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, товар таннархини тушириш мақсадида фойдаланилаётган халқаро транспорт йўлаклари бўйича батафсил маълумот тақдим этишди. 

Ўзбекистондан ташриф буюрган “Eclair”, “Elice” ва “Asia Premium Deluxe” компаниялари масъуллари Малайзиянинг “Imedikel Pharma Holding Berhad”, “RCAB food ventures Sdn. Bhd.”, “Eramas Group”, “Mahkota”, “Quanterm Logistics Sdn Bhd”, “The Vida World Sdn Bhd”, “Matase Sutera” каби ишлаб чиқарувчилари билан музокара олиб бордилар. Мулоқот чоғида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг Малайзия бозорига экспорти, ушбу давлат ишлаб чиқарувчи корхоналари томонидан республикамизда инвестиция лойиҳалари илгари сурилиши истиқболи муҳокама қилинди. Хусусан, “Imedikel Pharma Holding Berhad”, “RCAB food ventures Sdn. Bhd.”, “Makhota Detergent” ва “The Vida World Sdn Bhd” компаниялари Ўзбекистонда қўшма лойиҳалар амалга ошириш имкониятини кўриб чиқишга қизиқиш билдирди. 

ЎзА