Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада ривожланмоқда. Президентимизнинг Малайзияга расмий ташрифи доирасида ўтказилган ректорлар форуми натижасида икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида қатор муҳим келишувлар имзоланди.
Шунингдек, ушбу форум доирасида Бухоро давлат техника университети ва Малайзиянинг бир қатор олий таълим муассасалари ўртасида “Яшил тадқиқотлар” илмий-тадқиқотлар маркази билан ҳамкорлик ўрнатилди.
Шу билан бирга, Бухоро давлат техника университети ва Малайзия Малака техник университети, Тун Ҳуссеин Онн Университети, Перлис университети, Малайзия УПСИ университети раҳбарлари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Учрашувларда олима аёлларнинг академик мобиллик дастурини йўлга қўйиш, илмий тадқиқот маркази, спин-офф лойиҳалар, қўшма таълим дастурлари ҳамда амалиётга йўналтирилган ўқитиш методикасини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, “Машинасозлик технологияси” йўналишида “1+1” магистратура формати асосида қўшма таълим дастурини йўлга қўйиш ва талабалар учун грантлар ажратиш бўйича Меморандум имзоланди. Бундан ташқари, муқобил энергия ва туризм соҳаларида ҳам ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилди.
– Бухоро давлат техника университети олдида барқарор ривожланиш талабларига жавоб берадиган “яшил университет”га айланиш бўйича аниқ вазифалар турибди, – дейди университет ректори Садоқат Сиддиқова. – Ушбу йўналишда университетда “Яшил тадқиқотлар” илмий-тадқиқот маркази ташкил этилиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва энергия самарадорлиги борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Университетга “Яшил университет” кўрсатгичларини жорий этиш бўйича Малайзиянинг Султон Идрис университети профессори, “Яшил университет” кўрсаткичлари бўйича халқаро эксперт Залина Зулкифли ташриф буюрди. Ушбу ташрифдан кўзланган асосий мақсад Бухоро давлат техника университетида яшил технологияларни жорий этиш бўйича аниқ таклиф ва лойиҳаларни ишлаб чиқишдир. Меҳмонлар университет мутасаддилардан ташкил топган ишчи гуруҳ билан биргаликда Энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, Атроф-муҳитга зарар етказмайдиган ечимлар ишлаб чиқиш, “Яшил университет” рейтинги бўйича кўрсаткичларни яхшилаш ва шу каби бошқа йўналишларда иш олиб борилмоқда.

Бухоро давлат техника университети ўзининг илмий салоҳияти, инновацион ёндашуви ва халқаро ҳамкорликлари билан мамлакатда “Яшил университет” сифатида эътироф этилмоқда. Бу йўналишда олиб борилаётган ишлар нафақат университет салоҳиятини оширишга, балки бутун Ўзбекистон учун барқарор ва экологик хавфсиз келажакни яратишга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.