Мамлакатимизнинг вақт синовидан ўтган ишончли шерикларидан бири – Малайзия Марказий Осиё ва Осиё-Тинч океани минтақаси давлатлари ҳамкорлиги мустаҳкамланишида муҳим ўрин тутади.
Эътиборли жиҳати, юртимиз малайзиялик шериклар билан транспорт, энергетика, кимё, тўқимачилик саноати, таълим, қурилиш материаллари ва ахборот технологиялари соҳаларида йирик лойиҳалар амалга оширмоқда.
Айтиш жоиз, мамлакатларимиз ўртасидаги кенг қамровли муносабат, дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка 1992 йил тамал тоши қўйилган. Куала-Лумпурда элчихонамиз бор, Малайзиянинг ҳам Тошкент шаҳрида дипломатик ваколатхонаси ишлаб турибди.
Ўтган давр мобайнида олий даражадаги ўзаро ташрифлар уюштирилган. Айниқса, яқинда давлатимиз раҳбари Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимнинг таклифига биноан ушбу юртга расмий ташриф билан бориши тарихий воқелик бўлди.
ЎзА мухбири экспертларнинг мазкур ташриф якунлари ва турли соҳалардаги ҳамкорлик истиқболи хусусидаги фикри билан қизиқди.
Абдували Сойибназаров, сиёсий шарҳловчи:

– Ўзбекистон – Малайзия муносабатлари мутлақо янги суръатни бошдан кечирмоқда. Сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни фаоллаштириш учун мустаҳкам пойдевор яратилди, томонлар халқаро ташкилотлар доирасида яқин ва конструктив ҳамкорликни йўлга қўйди.
Ўтган йил май ойида Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим Ўзбекистонга келиши ҳамкорликка сезиларли суръат бағишлади. Ташриф якунида кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисида Қўшма баёнот имзоланди. Шунингдек, юқори технологик лойиҳаларни илгари суриш мақсадида Ўзбекистон – Малайзия саноат зонасини ташкил этишга келишиб олинди. Бизнес-форум якунида қиймати 3 миллиард доллардан зиёд 19 та инвестиция битим имзоланди.
Давлатлар ўртасидаги муносабатда савдо ва инвестиция муҳим ўрин тутади. 2024 йил бу кўрсаткич 2023 йилга қараганда 13,2 фоиз ўсиб, 100 миллион доллардан ошди. Ўзбекистон ҳудудида Малайзия капитали иштирокидаги қўшма корхоналар сони 40 тага яқинлашди.
Малайзия ва Ўзбекистон таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида урғу бермоқда. Малайзия ҳукумати Техник ҳамкорлик дастури доирасида вазирлик ва идораларимиздан 900 га яқин мутахассис ушбу давлатда малака оширди. Бугунги кунда 500 га яқин ўзбекистонлик талаба Малайзиянинг нуфузли университетларида таҳсил олмоқда. Икки мамлакат таълим муассасалари ўртасида 25 та ҳамкорлик шартномаси имзоланган.
Энг аввало, саноат кооперацияси алоқаларини ривожлантиришдан иккала томон ҳам манфаатдор. Малайзиянинг ярим ўтказгичлар саноати Ўзбекистон учун катта қизиқиш уйғотиши табиий. Аҳамиятлиси бу соҳа Малайзия ялпи ички маҳсулотининг қарийб 25 фоизини ташкил этади. Бу жиҳатдан, Малайзиянинг ярим ўтказгичлар саноатини ривожлантиришдаги илғор тажрибаси, хусусан стратегик режалаштириш, маркетинг, инфратузилмани такомиллаштириш ва мутахассислар тайёрлаш соҳасидаги ютуқлари Ўзбекистон учун ниҳоятда фойдали. Иккинчидан, таълим соҳаси, ўзаро академик алмашинув ва кадрлар тайёрлаш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш долзарб ҳисобланади. Ҳозир Ўзбекистонда турли хорижий олий таълим муассасаларининг 30 га яқин филиали фаолият юритмоқда. Мамлакатимиз Марказий Осиёнинг “таълим маркази” сифатида энергетика, экология, сунъий интеллект, ҳалол саноат, креатив иқтисодиёт ва бошқа йўналишларда кадрлар тайёрлаш бўйича Малайзия университетлари билан ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор. Малайзия томони ҳам бу борадаги ҳамкорликка катта қизиқиш билан қараяпти. Учинчидан, “Марказий Осиё + АСЕАН” форматидаги мулоқот майдонини яратиш мақсадга мувофиқ. Бизга яхши маълумки, Ўзбекистон Президенти ушбу форматда ташқи ишлар вазирлари учун мулоқот платформасини яратиш таклифини илгари сурган. Бу минтақалараро ва савдо-инвестиция ҳамкорлиги, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика соҳасидаги масалаларни янада самарали ҳал этиш, шунингдек минтақавий ва халқаро ривожланишнинг долзарб масалалари бўйича позицияларни мустаҳкамлаш имконини беради.
2025 йил Жануби-шарқий Осиё давлатлари Ассоциацияси (АСЕАН)да раислик қилиш навбати Малайзияга ўтди. Фурсатдан фойдаланиб, Малайзия АСЕАН доирасида Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш ташаббусини кўтармоқчи. Қолаверса, бу давлат Марказий Осиё ва Лотин Америкаси мамлакатларига экспорт йўналишларини диверсификация қилиш масаласини устувор деб эълон қилган. Шу маънода, минтақадаги энг йирик давлат Ўзбекистон Малайзия учун истиқболли бозор ҳисобланса, Малайзия Ўзбекистон учун Жануби-шарқий Осиёга кириш дарвозаси саналади. Иқтисодиётни рақамлаштириш, минтақавий истеъмол бозорларига чиқиш учун транспорт-логистика имкониятларидан фойдаланган ҳолда савдо-саноат йўналишида ҳамкорликни фаоллаштириш, тез ўзгарувчан халқаро муҳитда барқарор ҳамкорликни қуриш зарурати ҳамда миллий стратегиялар ўхшашлиги мамлакатларимиз муносабатини мустаҳкамлашга интилишини таъминловчи омиллардир.
Яна бир муҳим йўналиш – таҳлилий ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида доимий фаолият кўрсатадиган экспертлар майдонини ташкил этиш. Ушбу қадам ўзаро манфаатли энг долзарб масалалар бўйича мунтазам равишда қўшма тадқиқот ўтказиш, конференция ва давра суҳбатлари уюштириш, олий ва юқори даражадаги учрашувлар учун эксперт-таҳлилий маълумотлар билан таъминлашни назарда тутади.
Ўзбекистон – Малайзия маданий-гуманитар алоқалари икки халқнинг анъана, урф-одат ва маънавий қадриятларини бирлаштирган ўзига хос кўприкдир. Ўзаро ҳурмат ва маданий меросни асраб-авайлаш истагига асосланган бундай яқин шериклик дўстона муносабатни мустаҳкамлашнинг муҳим унсурига айланиб бормоқда. Муштарак тарихий ва маданий ўхшашлик таълим, санъат, илм-фан, туризм каби соҳаларда тажриба алмашиш, қўшма лойиҳалар амалга ошириш орқали ҳамжиҳатликни ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратяпти. Малайзия томони Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк олимлар ва мутафаккирларнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасини юксак баҳолаган ҳолда, мамлакатимизнинг бой маънавий меросини ўрганиш, оммалаштириш ва асраб-авайлашда фаол иштирок этмоқда. 2024 йил 30 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Малайзия Ислом цивилизацияси институти ҳамкорлигида ташкил этилган “Ислом цивилизацияси мутафаккирлари” тўртинчи халқаро илмий-амалий конференцияси шундай ҳамкорликка мисол бўла олади. Ўтган йил 22 октябрь куни Куала-Лумпурда халқаро конференцияси доирасида Имом Бухорий илмий меросини ўрганишга замонавий ёндашув мавзуси муҳокама қилинди. Бундай тадбирлар зиёрат туризмини ривожлантиришга кўмаклашади. 2018 йил февралдан буён Ўзбекистон Малайзия фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим жорий қилгани, мунтазам ҳаво қатнови йўлга қўйилгани ўзаро сайёҳлик оқими ошишига хизмат қилмоқда. 2024 йил Ўзбекистонга ташриф буюрган малайзиялик сайёҳлар 10 мингга яқинлашди.
Малайзия бугунги кунда нафақат Жануби-шарқий Осиё, балки бутун жаҳонда жадал тараққий этиб бораётган давлат, Ўзбекистоннинг вақт синовидан ўтган ишончли ҳамкори. 34 миллион нуфусга эга бу мамлакат халқаро майдонда иқтисодий тараққиёти ва илм-фан соҳасида эришаётган ютуқлари билан обрў-эътибор қозонмоқда. Малайзия ҳукумати халқаро муносабатлар мустақиллик, суверенитет, ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш ва умумий мақсадларга мустаҳкам ҳамкорлик ҳисобига жришиш керак, деб ҳисоблайди. Бу қарашлар прагматик ва очиқ ташқи сиёсат юритаётган Ўзбекистоннинг позициясига мос.
Қувончбек Маҳмудов, ТДШУ таянч докторанти:

– Ўзбекистон ва Малайзия географик нуқтаи назардан узоқ бўлишига қарамай, иқтисодий ўсиш ва кўп томонлама ҳамкорликни рағбатлантиришда стратегик манфаатларга эга. Юртимиз Марказий Осиёнинг “юраги” сифатида Россия ва Хитойдан ташқари иқтисодий ҳамкорликни диверсификация қилиш учун Жануби-шарқий Осиё минтақаси мамлакатлари билан ҳам алоқаларни кенгайтирмоқда. Минтақавий иқтисодий куч ҳисобланган Малайзия АСЕАН бозорига киришда муҳим дарвоза бўлиб хизмат қилади ва Ўзбекистонга Осиё-Тинч океани иқтисодий ландшафтига интеграциялашиш имконини тақдим этади.
Мамлакатларимиз иқтисодий ва савдо алоқалари ҳақида гап кетганда, охирги икки томонлама учрашувлар қуйидагиларга қаратилган:
Ўзбекистоннинг Малайзияга экспорти, хусусан тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва фармацевтика маҳсулотларини кенгайтириш;
Мамлакатимиз инфратузилмаси, энергетика ва рақамли соҳаларига Малайзия сармоясини жалб қилиш;
Малайзиянинг глобал ҳалол сертификатлаш тажрибасидан фойдаланган ҳолда ҳалол саноат ҳамкорлигини кучайтириш;
Энергетика ва инфратузилмани ривожлантиришда ҳамкорлик.
Ўзбекистон янги ҳудудлардан сармоя жалб қилиш учун Россия ва Хитой таъсиридан чиқиб, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни диверсификация қилмоқда. Илгари юртимиз углеводород секторига сармоя киритган Малайзиянинг “Петронас” компанияси янги энергетика лойиҳалари, хусусан қайта тикланадиган энергия ва газни қайта ишлашда муҳим рол ўйнаши мумкин.
Инфратузилмани ривожлантириш Малайзиянинг ақлли шаҳарлар, транспорт тизими ва давлат-хусусий шериклик тажрибаси Ўзбекистоннинг урбанизация бўйича улкан лойиҳаларига ҳисса қўшадиган муҳим соҳадир.
Эътиборли жиҳати, Ўзбекистоннинг Ипак йўли мероси ва Малайзиянинг туризм инфратузилмаси диний ва тарихий туризмни ривожлантиришда ҳамкорлик қилиш учун имконият яратади.
Қайд этиш жоиз, давлатимиз раҳбарининг ушбу ўлкага ташрифи Ўзбекистоннинг алоқаларни рамзий дипломатиядан ташқари, аниқ иқтисодий ва стратегик ҳамкорликка кўтариш ниятининг яққол намоёнидир. Олдинда турган асосий вазифа олий ва юқори даражадаги келишувларни ҳар икки томон учун манфаатли бўлган аниқ ва узоқ муддатли лойиҳаларга айлантиришдир.
Ўткир Алимов ёзиб олди.
ЎзА