Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов Малайзия парламенти Сенати Раисининг ўринбосари Нур Жазлан Моҳамад бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.
Мулоқот аввалида таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Малайзияни тарихий ришталар, маданий ва маънавий қадриятларнинг яқинлиги боғлаб туради. Ўзаро алоқалар сўнгги йилларда давлат раҳбарларининг юксак сиёсий иродаси билан сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Хусусан, икки давлат ўртасида савдо ҳажми ошмоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперация лойиҳалари ҳамда зиёрат туризми соҳасида дастурлар амалга оширилмоқда.
Учрашувда ривожланиш ва модернизацияга қаратилган “Ўзбекистон – 2030” ва “Малайзия Мадани” стратегик дастурларининг мақсад-вазифалари ўхшаш экани таъкидланди. Делегация аъзоларига Стратегия доирасидаги ислоҳотлар ҳамда Қонунчилик палатаси фаолияти, норма ижодкорлиги, сиёсий партиялар фракциялари ва қўмита иш услублари ҳамда парламентаризм соҳасидаги янгиликлар ҳақида сўзлаб берилди.
[gallery-17732]
Конструктив руҳида кечган учрашувда кейинги йилларда икки томонлама муносабатларнинг босқичма-босқич ривожланиб бораётгани, мамлакатларимиз ўртасида сиёсий ва иқтисодий соҳадаги мулоқотларнинг фаоллашгани ижобий баҳоланди. Шунингдек, парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, уни янги босқичга олиш чиқиш, маданий-гуманитар алоқалар, жумладан, таълим, ахборот-коммуникация технологиялари, маданият ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, Малайзия парламенти Сенати Раисининг ўринбосари самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда муҳим омил бўлган парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шу йўналишдаги мулоқотларни кўпайтириш ҳар томонлама фойдали эканини қайд этди.
Учрашув сўнгида парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга келишиб олинди.
М.Комилова,
О.Мирсоатов (сурат),
ЎзА