English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон —Малайзия: парламентлараро ҳамкорлик муҳокама қилинди
10:39 / 2023-04-29

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов Малайзия парламенти Вакиллар палатаси Спикери Жохари бин Абдул бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.

Мулоқот аввалида Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар, Бош қомусга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти, аҳамияти ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Шунингдек, Қонунчилик палатаси фаолияти, норма ижодкорлиги, сиёсий партиялар фракциялари ва қўмита иш услублари ҳамда парламентаризм соҳасидаги янгиликлар ҳақида сўзлаб берилди.

Мулоқотда парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, уни янги мазмун билан бойитиш, норма ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, инновацион технологиялар ва туризм соҳасидаги ўзаро алоқаларни янада жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўз навбатида, Малайзия парламенти Вакиллар палатаси Спикери Ж.Абдул самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда муҳим омил бўлган парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шу йўналишдаги мулоқотларни кўпайтириш ҳар томонлама фойдали эканини қайд этди.

— Янгиланаётган Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари мустаҳкамлаб қуйилаётгани, аҳолининг хоҳиш-иродаси, берган таклифлари акс этгани, фуқароларнинг фаровон яшашига, давлатнинг барқарор ривожланишига хизмат қиладиган нормалар киритилгани эътирофга лойиқ, — деди Ж.Абдул.— Ўйлайманки, ўзбек халқи демократиянинг бир кўриниши бўлган референдумда ўз жавобини айтади ва янгиланаётган Конституциянинг нормаларини қўллаб-қувватлайди.  

Самимий ва конструктив руҳда ўтган учрашувда томонлар парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга келишиб олдилар.

М.Комилова, ЎзА