Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Малайзия: чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги ҳамкорлик
18:08 / 2024-05-13

Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг Blue Planet Environmental Solutions компанияси директори Рави Коко ҳамда компания маслаҳатчиси Муҳаммад Азахари Камил билан учрашув ўтказди.

Ушбу компания чиқиндиларни қайта ишлаш ва бошқариш, чиқиндихоналарни фойдали ерга айлантиришда замонавий технологиялардан фойдаланади. Компания Осиёдаги энг жадал ривожланаётган корхоналардан бири саналиб, унинг фаолияти атроф-муҳит ва экологияни тубдан яхшилаш билан бирга чиқиндиларни қўшимча даромад манбаига ҳам айлантиришга хизмат қилмоқда. 

Учрашувда Ўзбекистонда маиший ва саноат чиқиндиларини бошқариш ва қайта ишлаш бўйича улкан фойдаланилмаган салоҳият мавжудлиги ҳамда илғор технологияларни жорий қилиш бўйича қулай имкониятлардан фойдаланиш зарурлиги қайд этилди. 

Малайзиялик вакиллар Ўзбекистонда тоғ-кон саноати чиқиндиларини кўмиш кластерини яратиш, қаттиқ маиший чиқиндилардан ёқилғи, қурилиш чиқиндилари ва иккиламчи хомашёдан бетон блоклари, пластик чиқиндилардан полимер гранулалар ишлаб чиқариш, биогаз ва биоўғит ишлаб чиқариш учун органик чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича лойиҳани амалга оширишдан манфаатдор эканини билдирди. 

Музокаралар давомида компания раҳбариятининг мамлакатимизга ташрифини ташкиллаштириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан яқин ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишувга эришилди. 

Маълумот учун: Blue Planet Environmental Solutions компанияси 2017 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда Сингапур, Ҳиндистон, Малайзия ва Буюк Британияда чиқиндихоналарни қазиш, қайта ишлаш ва тиклаш бўйича 25 та лойиҳани амалга оширган. 12 минг нафар ходим меҳнат қилаётган ушбу компанияда дунё бўйлаб кунига 25 минг тонна чиқинди қайта ишланади. 

Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА