Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон мактабгача таълими: ютуқлар, истиқболли режалар
16:35 / 2021-08-04

«Мактабгача таълим соҳасида 2017-2021 йилларда эришилган ютуқлар ва истиқболли режалари» мавзусида халқаро матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги масъул ходимлари, соҳага алоқадор хорижий меҳмонлар ҳамда журналистлар иштирок этган мазкур матбуот анжумани халқаро ҳамкорлар билан ҳамкорликда мактабгача таълим соҳасида 2017-2021 йиллар давомида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳага киритилган инновацион педагогик технологиялар, қамровни ошириш юзасидан олиб борилаётган самарали ишларнинг натижаларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилди. Шунингдек, нодавлат секторнинг улуши, бир йиллик мажбурий мактабгача тайёрловнинг мақсади ва натижадорлиги ҳамда ҳамкорлик доирасида олиб борилаётган ислоҳотларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.  

Юртимизда 34,5 миллион аҳоли истиқомат қилиб, шундан 2,8 миллионини 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар ташкил қилади. Бунда аҳолининг йиллик ўсиши 800 минг болага тўғри келмоқда.  

Умумий типдаги мактабгача таълим ташкилотлари 3-7 ёшгача, махсус таълимга эҳтиёжи бўлган болалар учун мактабгача таълим ташкилотлари 2-7 ёшгача ҳамда бепул мажбурий бир йиллик мактабга тайёрлов 6 ёш бўлган болаларни қамраб олмоқда.  

Мамлакатимизда 3-7 ёшдаги болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. «Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ, 2030 йилга келиб мактабгача таълимга болаларнинг 80,8 фоизини қамраб олиш режалаштирилган.

Анжуманда мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилгандан сўнг эришилган ютуқлар, бартараф этилган хато ва камчиликлар ҳамда истиқболдаги режалар атрофлича муҳокама қилинди.  

Бугунги кунда 417 та давлат мактабгача таълим ташкилотининг моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида Янги қурилиш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш инвестиция мақсадли дастури ва Инқирозга қарши жамғарма маблағлари доирасида мактабгача таълим тизимида 32 минг 428 та янги иш ўрни яратилди. 2020 йил охирида 376 та объектда қурилиш-монтаж ишлари якунланди.

Бу тамойилларнинг барчасини амалиётга татбиқ этиш ва болаларнинг соғлом овқатланишини таъминлаш мақсадида мактабгача таълим ташкилотлари учун таомлар рецепти китоби ишлаб чиқилди.

Мактабгача таълим тизимида педагог-тарбиячиларнинг тутган ўрни беқиёсдир. Тизимдаги педагог-тарбиячиларнинг олий маълумотли қатлами ортишига шароитлар яратиб берилмоқда.  

2018 йилда олий маълумотли педагог-тарбиячилар сони 23 минг 272 нафарни ташкил этган бўлса, 2019 йилда 34 минг 180 нафарни, 2020 йилда эса 37 минг нафарни, 2021 йилнинг ҳозирги кун ҳолатига кўра 40 минг 388 нафарни ташкил этмоқда.

Жумладан, ҳудудларда мактабгача таълим йўналиши бўйича факультетлар ва махсус сиртқи гуруҳлар ташкил этилди. Педагог ва тарбиячиларнинг ойлик маоши босқичма-босқич кўтарилиб бормоқда.  

Мактабгача таълим тизимида кичик ҳамда мактабгача ёшдаги болаларни ривожлантириш бўйича давлат талабларига мувофиқ ва халқаро стандартлар асосида «Илк қадам» давлат ўқув дастури ишлаб чиқилди. Маълумки, таълим жараёнининг асосини ўйин фаолияти ташкил қилади. Бундан ташқари, болага билим бериш билан бирга ўйин машғулотларини ўтказиш, коммуникатив, ижтимоий компетенциялар орқали унинг шахсий фазилатлари ривожлантириб борилади. Энг асосийси, «Илк қадам» давлат ўқув дастури доирасида ҳар бир мактабгача таълим ташкилотида 5 та ривожланиш маркази ташкил этилган бўлиб, педагог-тарбиячилар болажонларга қурилиш ва математика, санъат, илмий ва табиат, тил ва нутқ, сюжетли-ролли ўйинлар каби йўналишларда таҳсил бермоқда.

Мактабгача таълимнинг муқобил шаклига биноан, 2020 йил 1-босқичга асосан лойиҳа доирасида 44 та олис ҳудудлардаги маҳаллаларда яшовчи 1 минг 536 нафар бола мактабгача таълим олиш имкониятига эга бўлди. Уларнинг муассасага келиб-кетишларини енгиллаштириш мақсадида 16 та "ИСУЗУ" русумли автобуслар қатнов учун қўйиб берилди. 2021 йилдаги 2-босқичга биноан мазкур рақамлар кенгайтирилиб, 49 та "ИСУЗУ" автобуслари қатновга йўналтирилди. 98 та бориш қийин бўлган маҳаллада яшовчи жами 4 минг 700 нафар боланинг мактабгача таълим ташкилотларига келиб-кетишларига имкон яратилди.

Орол денгизи минтақасидаги болалар учун реабилитация марказига эга бўлган, Марказий Осиёдаги ягона «Имкон» номли мактабгача таълим ташкилотининг ташкил этилгани болаларнинг саломатлиги мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Йилига 3 минг нафар болани ўзида сиғдирувчи мазкур муассасада майда моторика ва визуал фаолият, дефектолог, овоз дарслари шунингдек, физиотерапия, спортзал, жисмоний даволаш, мусиқий терапия, сенсорли хоналари, ёпиқ бассейн мавжуд.

Мактабгача таълим вазирлиги тегишли соҳада Корея Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Япония, Цингапур, Туркия, Польша ва бошқа мамлакатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Шу кунга қадар Мактабгача таълим вазирлиги ва хорижий ҳамкорлар ўртасида Ўзбекистон Республикасида мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган 66 та меморандум ва келишув имзоланган. Шунингдек, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари билан биргаликда иш олиб борилмоқда. Мактабгача таълим соҳасига хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш мақсадида 141 миллион АҚШ доллари миқдорида халқаро келишувларга эришилган.  

Ҳозирги вақтда мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини жорий этиш режаси ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра 2020 йилда БМТнинг УНИСEФ халқаро болалар жамғармаси билан биргаликда мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини синовдан ўтказиш режалаштирилиб, 2021 йилда амалиётга жорий этилмоқда. Шу билан бирга  Наманган вилоятининг Косонсой, Тўрақўрғон, Чуст ва Норин туманлари ва Хоразм вилоятининг Боғот ва Қўшкупир туманларида турли ёшдаги мактабгача таълим ташкилотларидаги ўйин гуруҳлари ўз фаолиятини бошлади. Дастурни амалга ошириш доирасида турли ёш гуруҳларида ишлаш бўйича бир қатор тренинглар ўтказилди. Жаҳон банки билан биргаликда 2020 йилдан бошлаб амалга оширилаётган «Болаларнинг эрта ривожланишини такомиллаштириш» лойиҳаси доирасида мактабгача таълимнинг турли хил муқобил шаклларини, жумладан, республиканинг чекка ҳудудларида яшовчи 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларга эътибор қаратган ҳолда «уйга ташриф» ва махсус таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун «Эрта ривожлантириш марказлари»ни синовдан ўтказиш режалаштирилган.

Тадбирда шу каби кенг кўламли маълумотлар тақдимотидан сўнг оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар тегишли мутасаддилардан ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА