Юртимиз қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини Беларусь бозорига, хусусан мамлакатдаги йирик супермаркетлар тармоғи орқали кенг миқёсда олиб кириш бўйича ишлар жадал давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов Беларусь Республикаси Аксил монополия ва савдо вазирлиги раҳбарияти билан учрашув ўтказди. Музокарада вазир ўринбосари Светлана Короткевич ва Минскдаги Фавқулодда ва мухтор элчимиз Раҳматулла Назаров ҳам иштирок этди.
Суҳбат чоғи йирик савдо марказларида ўзбек маҳсулотларини жойлаштириш имконияти таҳлил қилинди. Беларусь томони айни жараёнда институционал ҳамкор сифатида амалий ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Бу қадам товарларимиз ушбу мамлакат бўйлаб кенг тақдим этилишига йўл очади.
Маҳсулотларни Беларусга етказишда логистика имкониятидан самарали фойдаланиш масаласи ҳам кўтарилди. Хусусан, диёримизга юк билан келаётган транспорт воситаларини бўш қайтармасдан, тайёр қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини нисбатан арзон логистика асосида етказиб бериш мумкинлигига урғу берилди.
Яқин кунларда Беларусдаги беш йирик супермаркет тармоғи бизнес директорлари иштирокида онлайн учрашув режалаштирилган. Ушбу мулоқот давомида маҳсулотларимизни савдо расталарига жойлаштириш масаласи батафсил муҳокама қилинади.
Ф. Яхшибоева, ЎзА