Мамлакатимиздан товарлар ва хизматлар экспорт қилинадиган давлатлар сони ва маҳсулотлар тури тобора ортиб бормоқда. Бу эса иқтисодиётимиз равнақи йўлидаги муҳим натижадир.
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари Муҳаммад Бобожоновнинг сўзига кўра, Ўзбекистоннинг экспорт географияси сезиларли даражада кенгайган. Таҳлил натижалари шуни кўрсатадики, 2017 йилда 12,55 миллиард АҚШ долларига тенг миқдорда маҳсулот ва хизматлар экспорт қилинган. 2023 йилда эса бу кўрсаткич 1,95 марта кўпайган. Яъни, 24,43 миллиард АҚШ долларига етган.
– 2023 йилда экспортнинг йиллик ўсиш суръати 23,8 фоизни ташкил қилди. 2017 – 2023 йиллар мобайнида мамлакатимизнинг экспорт географияси 14 та мамлакатга кенгайди. Ҳозир маҳсулотларимиз 122 та мамлакатга экспорт қилинмоқда. Экспорт қилинадиган маҳсулотлар диверсификацияси ошиб бормоқда. Жумладан, 2017 йилда ҳар бири 10 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлган 1 минг 219 хил маҳсулот экспорт қилинган бўлса, 2023 йилга келиб, бу кўрсаткич 2 минг 874 тани ташкил қилди. Бу 2,4 маротаба кўпдир. Ушбу йилларда пахтадан тайёрланган юқори қўшилган қийматли товарлар экспорти йўлга қўйилди. Хусусан, 2017 йилда тўқимачилик маҳсулотлари умумий экспортнинг 8,1 фоизини ташкил этган бўлса, 2023 йилда ушбу кўрсаткич 12,5 фоизни ташкил қилиб, 65 та мамлакатга 639 турдаги тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинди, – деди М.Бобожонов.
Албатта, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширишда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар ижроси муҳим ҳисобланади. Унда экспорт ҳажмини 2 баробар ошириш ва 45 миллиард долларга етказиш, экспортчи корхоналар сонини 6,5 мингтадан 15 мингтага етказиш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги соҳасида экспорт ҳажмини йилига 10 миллиард долларга етказиш, экспорт таркибида тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар ҳажмини 3,3 баробар кўпайтириш каби қатор чора-тадбирлар юртимизнинг экспорт имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА