Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон маданияти, сайёҳлик салоҳияти – хориж матбуоти саҳифаларида
16:58 / 2021-05-31

Юртимиз азалдан ўзининг бой маданий-маънавий мероси, тарихий ёдгорликлари, сайёҳлик салоҳияти билан хорижий сайёҳларни, дунё жамоатчилигини ўзига жалб этиб келган. Айниқса, мамлакатимиз ҳудудларида зиёратгоҳлар, буюк алломаларнинг изи қолган маданий мерос объектларининг бисёрлиги зиёрат туризми ривожланишида муҳим омил бўлаётир.

 Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, маданий мерос объектларини асраб-авайлаш ҳамда туризм манзилларини бугунги кун талабига мослаштириш, кўплаб зиёратгоҳ ва тарихий масканларни туристик объектлар рўйхатига киритиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада бу борадаги саъй-ҳаракатлар, умуман, юртимизнинг сайёҳлик салоҳияти чет давлатлар вакиллари, хорижий оммавий ахборот воситалари томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.  

Яқинда Мисрнинг «Ал-Хабар ал-Йаум» газетасида «Ўзбекистон – дунёнинг зиёрат туризми қалъаси» сарлавҳали мақола чоп этилди. «Дунё» ахборот агентлигининг хабарига кўра, ушбу мақола аввалида бой тарих, маданият, жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган кўплаб олим ва мутафаккирлар, бетакрор маданий мерос, кўҳна меъморий обидалар, пазандачилик ва халқ амалий санъатига эга бўлган Ўзбекистон зиёрат сайёҳлиги йўналишида ҳам улкан салоҳият соҳиби экани акс эттирилган.

Нашрда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон мазкур йўналишда олиб борилаётган амалий чора-тадбирларга ҳуқуқий асос яратгани алоҳида таъкидланган. Материалда Ўзбекистонда зиёрат туризми учун ҳар жиҳатдан мос келадиган жами 622 та маданий мерос объектининг 595 таси ислом динига, 19 таси насронийлик, 8 таси эса буддавийлик динига мансублиги маълум қилинган.

Мақолада Ўзбекистон ҳудудида яшаб ўтган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбандий, Хўжа Абдуҳолиқ Ғиждувоний ва бошқа кўплаб машҳур аллома ва мутафаккирлар мақбаралари мусулмон сайёҳларни ўзига жалб қилиши ва уларнинг мероси нафақат ислом цивилизацияси ривожи, балки дунё илм-фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшгани қайд этилган. Шунингдек, мамлакатимизда зиёрат туризми ривожланишига сабаб бўлаётган омилларга алоҳида эътибор қаратилган. Таъкидланишича, туристларни жалб қилиш бўйича қабул қилинган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларга биноан, қатор давлатлар фуқароларига визасиз режимнинг жорий этилгани натижасида 2018-2019 йилларда Ўзбекистонга Индонезиядан келган сайёҳлар сони 170 фоиз, Малайзиядан 158 фоиз, Туркиядан 154 фоиз ва Бирлашган Араб Амирликларидан келганлар 153 фоизга ўсган.

«Сингапурнинг «Crescent Rating» ва АҚШнинг «Mastercard» ташкилотлари томонидан ҳар йили эълон қилинадиган «Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси» рейтингида Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар орасида сайёҳларни жалб қилаётган «энг жозибадор» ҳамда «хавфсизлик ва бағрикенглик даражаси юқори» бўлган 10 та мамлакат қаторидан ўрин олгани юқори баҳоланган», дейилади «Ал-Хабар ал-Йаум» газетасида.

Мақолада 2019 йил февралида Бухоро шаҳрида ўтказилган I халқаро зиёрат туризми форуми якунида қабул қилинган “Бухоро декларацияси”да Ўзбекистон зиёрат туризми марказларидан бири сифатида эътироф этилганига урғу берилган. Ушбу тадбир иштирокчилари ва етакчи мутахассислар тавсиясига таянган ҳолда, газета ўз ўқувчиларига «очиқ осмон остидаги музей» бўлган Ўзбекистонга ҳеч ўйлаб ўтирмасдан сафар қилишни, ушбу юртдаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишни тавсия этган.

«Ал-Хабар ал-Йаум» ўз ўқувчилари эътиборига Ўзбекистон Халқаро ислом академияси томонидан ўтказилган “Рақамли иқтисодиётни шакллантириш шароитида туризмни ривожлантириш: жаҳон тажрибаси ва миллий устуворликлар” мавзусидаги илмий-амалий конференция ҳақидаги маълумотларни ҳам ҳавола этган. Мақола якунида «Ўзбекистон туризмнинг барча йўналишларини ривожлантириш ва хорижий сайёҳларни жалб этиш бўйича дунёда етакчи мамлакатлардан бирига айланиши учун қулай имкониятларга эга», дея ишонч билдирилган.

Қайд этиш жоизки, юртимизнинг хорижий оммавий ахборот воситаларида эътироф қилиниши, бой маданий, маънавий меросимиз, сайёҳлик имкониятларимиз юқори баҳоланиши ҳар биримизга фахр ва ифтихор бағишлайди. Қолаверса, бу каби чиқишлар хорижликларнинг юртимизга бўлган қизиқишини оширишга, мамлакатимизга ташриф буюрадиган сайёҳларнинг сонини кўпайтиришга хизмат қилади. Ўзбекистоннинг мавжуд бой маданий меросини, тарихий ёдгорликлар, осори-атиқалар, зиёрат туризми манзилларини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, улар ҳақида кенг тарғибот олиб бориш эса ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг бурчи ва вазифасидир.  

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА