Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзбeкистон маданий мероси жаҳон тўпламларида”: 71-80 жилдлар тақдим қилинди
19:39 / 2024-08-25

Самарқандда давом этаётган “Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс асоси” VIII халқаро конгрессининг бугунги дастури давомида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан тайёрланган “Ўзбeкистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумининг ўнта янги жилди тақдимоти ўтказилди.

Таъкидлаш лозимки, мазкур лойиҳа Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг йирик лойиҳаларидан бири бўлиб, турли сабабларга кўра, айни пайтда хориждаги музейлар, кутубхоналар, турли коллекциялар ва бошқа муассасаларда сақланаётган ўзбек халқининг маданий ёдгорликлари ва моддий буюмлари, қадимий қўлёзмалар, нодир ашёлар ҳақидаги маълумотларни жамлаш, уларнинг нусхаларини олиш ва халқимизга етказишга қаратилган.

Давлатимиз раҳбари кеча конгресс қатнашчиларига йўллаган табригида ушбу лойиҳага ҳам тўхталиб, шу пайтгача 70 жилдлик китоб-альбомлар нашр қилиниб, юртимиз ва чет эллардаги энг машҳур кутубхоналар, олийгоҳ ва  музейлар, нуфузли илм-маърифат масканларига етказиб берилганини алоҳида таъкидлаган ҳамда ана шу ишларнинг давоми сифатида мазкур туркумдаги яна 10 та янги жилд тақдимоти ўтказилишини муҳим маданий ҳодиса, деб баҳолаганди.  

– Лойиҳани амалга оширишга юртимиз олимлари билан бирга хориждаги ҳамкорларимиз, тарихчилар, музей ходимлари иштирок этмоқда, – дейди Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази илмий ходими Рустам Жабборов. – Бу галги 10 жилдни тайёрлашда ҳам уларнинг ҳиссаси катта бўлди ва Буюк Британия, Греция, Ҳиндистон, Қозоғистон, Туркманистон ва бошқа давлатлардаги юртимиз тарихий меросига оид ноёб қўлёзмалар, ҳужжатлар, музей экспонатлари, тарихий асарлар ўрганилди. Бу ноёб маълумотлар албатта, мамлакатимиз тарихи, аждодларимиз маънавий меросини ўрганиш ва тадқиқ этишга хизмат қилади.

Тақдимотда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институти етакчи илмий ходими Дилором Каромат, Буюк Британиядаги Кембриж университети Эрон тадқиқотлари маркази директори Феруза Мелвилл, Москва давлат тиббиёт муассасаси “Царицино” давлат тиббиёт заводи катта илмий ходими Елена Офицерова, Ўзбекистон Бадиий академияси кўргазмалар дирекцияси директори ўринбосари Людмила Кодзаева, Берлин давлат кутубхонаси тадқиқотчиси Айсима Мирсултон ва бошқалар ҳар бир жилднинг яратилиш жараёни ҳақида маълумот бердилар. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими Афтондил Эркинов жаҳон тўпламларидаги Алишер Навоий қўлёзмаларига тўхталди.

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА мухбирлари