Париждаги дунёга машҳур Лувр музейида жорий йил 23 ноябрь куни Ўзбекистон маданий меросига бағишланган кўргазма очилади. Айни пайтда ушбу кўргазмага қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Лувр музейи техник лабораторияси ходимлари ва юртимиздан борган музейшунослар, соҳа вакиллари кўргазмага масъул Янник Линц ҳамда илмий раҳбар Рокко Ранте раҳбарлигида ашёларни жойлаштириш устида ишламоқда. Жумладан, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи Маҳмудхон Юнусов ҳам ушбу жараёнларда қатнашмоқда. У билан интернет орқали боғланиб, кўргазмага ҳозирлик жараёнлари ҳақида сўрадик.
– “Ўзбекистон воҳа хазиналари” деб номланган кўргазма Президентимизнинг “Лувр музейида (Париж шаҳри) Ўзбекистоннинг музей экспонатлари кўргазмаси ўтказилишини ташкил этиш ҳамда хорижда Ўзбекистон музей фондларининг самарали намойиш қилинишига шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармойишига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилмоқда – дейди М.Юнусов. – Кўргазма Лувр музейининг Ришелье павильонида ўтказилади. Унда Ўзбекистон тарихининг қадимий ва ўрта асрлар даврини қамраб олувчи 169 та экспонат, хусусан, юртимиздаги 16 та музейдан сараланган 138 дона музей ашёси намойиш этилиши кўзда тутилган. Булар қадимий ва ўрта асрларга оид археологик ва нумизматик ашёлар, шунингдек, тасвирий ва амалий санъат намуналаридир. Кўргазмада намойиш этиладиган ашёларнинг 51 таси Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси фондларидан олиб келинди. Уларнинг 15 тасини Афросиёб шаҳарчасидан топилган VII-XII асрларга оид осори-атиқалар ташкил этади. Булар элчилар зали деворий суръати, шиша буюмлар, лаган, коса каби маиший турмушда ишлатилган ашёлар, меъморий безаклар бўлаклари ва қопламалар, фил суягидан ишланган шахмат доналаридан иборат. Мазкур ашёлар Лувр музейидаги ислом санъати бўлимида алоҳида намойиш этилиши ҳам кўзда тутилган.
Шунингдек, Бухоронинг Варахша шаҳарчасидан топилган VII-VIII асрларга оид меъморий безак, Қашқадарёнинг Ерқўрғин шаҳарчасидан топилган III-IV асрларга оид кулдон, Кофир қалъадан топилган VI-VII асрларга оид остадон ва ёғоч панно, Оқдарё тумани ҳудудидан топилган ва “Муллақўрғон остадони” номи билан машҳур бўлган остадон, Самарқанд шаҳри ҳудудидан топилган VI асрга оид сакларнинг бронза шлеми, Сўғд ва Сомоний ҳукмдорлари тангалари, Пайариқ тумани ҳудудидан топилган эфталийлар, сўғдийлар ва сосонийлар давлатига оид кумуш косалар кўргазманинг ноёб ашёлари бўлади.
Луврда Ўзбекистон маданий меросига бағишланган кўргазма биринчи марта ташкил этилмоқда. Тўғри, 1992 йилда Париждаги Араб дунёси институтида, 2003 йилда Ганноверда Ўзбекистон музейлари ашёлари кўргазмаси ўтказилган. Бироқ бу жуда кам. Шунинг учун ҳам Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, хорижда Ўзбекистон фондларини оммалаштириш жамғарманинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган. Маълумотларга кўра, коронавирус пандемиясидан олдин Лувр музейи ташриф буюрувчилар сонининг кўплиги жиҳатидан дунёда биринчи ўринни эгаллаган. Яъни, 2019 йилда мазкур музейга 9,6 миллион сайёҳ келган. Ўзбекистон маданий меросига бағишланган кўргазма Луврнинг энг гавжум нуқтаси – Ришелье павильонида ташкил этилиши музейга келган ҳар бир сайёҳ уни кўрмасдан кетмаслигини англатади ва бу мамлакатимиз музейларини хорижда кенг тарғиб этишга ёрдам беради.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири