Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев Латвия ҳукумати делегацияси ташрифи доирасида мамлакатимизда бўлиб турган қишлоқ хўжалиги вазири Каспарс Герхардс билан учрашди.
Икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, инвестиция, савдо, транспорт-логистика, шунингдек, бошқа устувор йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар инвестициявий шерикликни кенгайтириш, ўзаро савдо ҳажмини оширишнинг устувор йўналиши хусусида фикр алмашди.
Латвияда Ўзбекистоннинг 50 та экспорт қилувчи компаниялари вакиллари иштирокида “Made in Uzbekistan” савдо миссиясини ташкил этиш истиқболи атрофлича кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, мазкур миссия фаолиятида юртимизнинг озиқ-овқат, кимё, тўқимачилик, чарм, вино, фармацевтика ва туризм соҳалардаги ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳияти тўлиқ намойиш қилинади. Ўзбек тадбиркорлари Болтиқбўйи мамлакатлари ишбилармон доиралари вакиллари билан B2B музокараларида, “Riga Food 2022” халқаро озиқ-овқат кўргазмаси ва Ригадаги Ўзбееистон - Латвия бизнес форумида қатнашади.
Мулоқот чоғида фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ахборот технологиялари ва олий таълимни ривожлантириш бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш имконияти юқори экани таъкидланди.
Яқин келажакда икки мамлакат тегишли вазирлик ва идоралари ўртасида органик озиқ-овқат маҳсулотини етиштириш ва сертификатлаш, парранда гўшти ва балиқни қайта ишлаш бўйича тажриба алмашиш режалаштирилган.
ЎзА