Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Латвия бизнес форуми
02:00 / 2022-02-10

Ташқи ишлар вазири Эдгарс Ринкевичс бошчилигидаги Латвия Республикаси делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида пойтахтимизда бўлиб ўтган Ўзбекистон – Латвия бизнес форуми мамлакатларимиз иқтисодий салоҳияти ва кўп қиррали ўзаро ҳамкорлик кўламини намоён этди. Икки давлат вазирлик ва идоралари, бизнес доиралари вакиллари иштирок этган анжуманда Ўзбекистонда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ўзаро манфаатли савдо битимлари тузиш имконияти муҳокама қилинди.

Томонлар кўп қиррали ҳамкорлик истиқболини белгилаш, хусусан, қўшма инвестиция лойиҳаларини кўпайтириш, узоқ муддатли савдо алоқаси ўрнатишга алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, рақамли технология, инновация ва стартап, ўрмончилик ва экотуризм каби йўналишлардаги ҳамкорлик жиҳатларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Латвия Европа Иттифоқи давлатлари орасида Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорларидан биридир. Сўнгги беш йил ичида икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси деярли икки баробар кўпайган. 

Тадбир давомида яқин келажакда ишбилармонлар ўртасида инвестициявий ва савдо шериклигини кенгайтириш имкониятини ўрганиш мақсадида Латвияда қўшма тармоқ кўргазмаси ва бизнес-форум ўтказишга келишиб олинди.

– Ҳозир Ўзбекистонда Латвия инвесторлари иштирокида 68 компания фаолият юритмоқда, – деди Эдгарс Ринкевичс. – Энди савдо, транспорт, логистика, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари ва соғлиқни сақлаш каби қатор соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантирамиз.

– Ўзбекистонни ривожлантиришнинг янги 5 йиллик стратегиясида 2022-2026 йиллар давомида бизнесни ривожлантиришда умумий солиқ мажбуриятини камайтириш, хорижий инвестиция жалб қилишга кўпроқ эътибор қаратилган, – таъкидлади Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов. – Ўтган йили пандемия бўлишига қарамай, Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги товар айланмаси 30 фоиз ошди.

Форум доирасида ўтган В2В ва G2В форматидаги учрашувлар икки мамлакат бизнес вакилларига ўзаро фикр, лойиҳа таклифлари алмашиш, ҳамкорлик истиқболини муҳокама қилиш ва аниқ келишувларга эришиш учун платформа бўлиб хизмат қилди.

Анжуман якуни бўйича қатор икки томонлама ҳужжатлар, жумладан, Ўзбекистон – Латвия ишбилармонлар кенгашининг иккинчи йиғилиши баённомаси, Ўзбекистон ва Латвия платформалари ўртасида ахборот коммуникациялари ва инновациялар йўналиши бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Улуғбек Маҳмирзаев,

Беҳруз Худойбердиев,

ЎзА мухбирлари