Ўзбекистон ва Кувайт ўртасида беш йил ичида икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми беш баробардан ортиқ ошди. Ҳамкорликнинг асосий истиқболли йўналишлари сифатида агросаноат мажмуаси, нефть-кимё, инфратузилма, транспорт ва логистика, рақамли ҳамда молиявий хизматлар белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов бошчилигидаги делегация Кувайтда амалий ташриф билан бўлди.
Ташриф дастури доирасида Кувайт ҳукумати вакиллари, ишбилармон доиралар ва молиявий институтлар билан музокаралар ўтказилди, шунингдек, Ўзбекистон-Кувайт Ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Бизнес-омбудсман девони ходими Шероз Шодиев ҳам иштирок этди.

Комиссия йиғилиши доирасида ва икки томонлама учрашувларда инвестициявий ҳамкорликни чуқурлаштириш, икки томонлама савдони кенгайтириш, нефть-газ ва нефть-кимё соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш, логистика, савдо, Ўзбекистон авиакомпаниялари учун авиация ёқилғисини етказиб бериш, мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини кенгайтириш, шунингдек, стандартларни ўзаро тан олиш ва лабораторияларни аккредитация қилиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Маълумотга кўра, ташриф доирасида Ўзбекистон-Кувайт бизнес-форуми ва «Made in Uzbekistan» кўргазмасида ҳам иштирок этилиб, электрон тижорат, исломий молия, қурилиш, саноат ва соғлиқни сақлаш соҳаларида Кувайт ишбилармон доиралари билан учрашувлар ўтказилди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА