Кувайтнинг “Ал-Жарида” нашри 16 февраль куни ушбу давлат пойтахтида 100 дан зиёд мутахассис – йирик компания ва молия институтлари раҳбарлари иштирокида ўтказилган Ўзбекистон – Кувайт бизнес форумини кенг ёритди.
Анжуман доирасида мезбон мамлакат иқтисодиёт ва инвестициялар бўйича давлат вазири Нура Ал-Фассам ва республикамиз инвестициялар, савдо ва саноат вазири Лазиз Қудратов ўзаро сармоявий ва молиявий ҳамкорлик масаласини батафсил муҳокама қилган.

Шерикликни янада ривожлантириш жараёнидаги устувор йўналишлар сифатида қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, тоғ-кон саноати, энергетика ва нефть-кимё, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, инфратузилма, логистика, алоқа ва туризм каби муҳим соҳалар белгиланди.
Бизнес-форум давомида “B2B”ва “G2B” форматида музокаралар ҳамда маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Тадбиркорлар янги фойдали алоқалар ўрнатиш, қўшма лойиҳаларнинг амалий жиҳатлари ва товарларни етказиб бериш масалаларини таҳлил қилиш имконига ҳам эга бўлди.
Шу билан бирга Кувайт расмийлари ва йирик компаниялари раҳбарлари билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, устувор тармоқларда инвестисия лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан самарали музокаралар олиб борилди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА