Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Кубоги: “Насаф” финалда “Пахтакор”ни мағлуб этди ва бош соврин соҳиби бўлди
11:41 / 2021-12-05

Самарқанд шаҳридаги “Динамо” стадионида Ўзбекистон кубогининг финал ўйини ниҳоясига етди.

 Ҳал қилувчи учрашувга учинчи марта мезбонлик қилган стадионда бу гал “Пахтакор” ва “Насаф” жамоалари ўзаро куч синашди.  

Тошкенту Қаршидан ташриф буюрган мухлислар бугун чинакам футбол байрамига гувоҳ бўлишди. Ўйиндан икки кун олдин бошланган ташкилий масалалар, Кубокнинг шаҳар бўйлаб “саёхат” қилиши, Регистон майдонида ёшу-қари, аёлу-эркак футбол шайдолари ва юртимиз меҳмонларининг Кубок билан эсдалик суратига тушишлари, гўзал ва латофатли Райхоннинг қўшиқлари, совғасига қимматбаҳо мукофотлар таъсис этилган турли кўнгилочар конкурс ва танловлар... Буларнинг бари Кубок ўйинига ўзгача тароват бағишлади. Бир сўз билан айтганда, ЎзПФЛ Ўзбекистон кубоги финалини том маънодаги юқори савияда ташкил этиб бера олди.

Ўйинга келсак, мағлубиятга учраётган, бу ҳам етмагандек, биринчи бўлимнинг ярмиданоқ майдонда бир киши кам бўлиб ҳаракат қилишига қарамай “Насаф” бугун чинакам қаҳрамонлик кўрсатди.

Ўйиндаги биринчи ҳисоб Одилбек Ҳамробеков томонидан очилди. Беш-олти дақиқа ўтар-ўтмай қаршилик Ойбек Бозоров майдондан четлатилди. Камчиликда ўйнай бошлаган “аждарлар” кўп ўтмай Баҳром Абдураҳмоновнинг голи эвазига ҳисобни тенглаштришди. Иккинчи бўлимда Ғолиб Ғайбуллаев томонидан киритилган гол эса учрашув тақдирини ҳал этди.

Шу тариқа айнан шу стадионда ва айнан шу жамоалар томонидан очиб берилган мавсум (март ойида Суперкубок ўйинида) яна айнан шу жамоалар тўқнашуви билан ниҳоясига етди. Келаси мавсум ҳам яна айнан шу жамоаларнинг майдондаги рақобати билан старт олиши аниқ. Гап ўйин қайси шаҳар ва стадионда бўлишида. Ким билади, яна  айнан “Динамо” мезбонлик қилар. Айтишадику, “қуръанинг кўзи кўр бўлади” деб.