English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон корхоналарига 6,2 минг турдаги маҳсулотни Европага божсиз экспорт қилиш имконияти яратилди
00:01 / 2023-08-18

Миллий матбуот марказида “Миллий сифат инфратузилмасини ривожлантиришда маҳсулот синовлари ва сифатга эришишнинг муҳим омиллари” мавзусидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди.

“Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” давлат муассасаси томонидан ташкил этилган тадбирда ҳар қандай маҳсулотнинг мувофиқлигини баҳолашда асосий эътибор ва талаб синов лабораториялари экани қайд этилди.  

Шу сабабли  замонавий синов лабораторияларини ташкил этишга эътибор қаратилмоқда. Соҳада кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳам доимий кун тартибида. 100 дан ортиқ мутахассис Туркия, Хитой, Латвия, Чехия ва Белоруссия каби давлатларда озиқ-овқат, маиший электротехника, металл, қурилиш ва бошқа турдаги маҳсулотлар синовлари бўйича амалий курсларда малака оширди.

Бу ўз самарасини бермоқда. Мисол учун, 2022 йил давомида марказ қошидаги синов лабораториялари томонидан 107 ҳолатда маҳсулотлар сифат ва хавфсизлик талабларига номувофиқ деб топилди. Импорт тарзида кириб келган номувофиқ маҳсулотлар бўйича мувофиқлик сертификатлари расмийлаштириш рад этилиб, маълумотлар тегишли ташкилотларга юборилди.

Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасида давлат назорати департаменти томонидан эса жорий йилнинг январь-июнь ойларида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилдан рухсат олинган ҳолда 53 тадбиркорлик субъектида давлат назорати ўтказилди.  

Текширилган 104 маҳсулотдан 75 таси амалдаги техник регламент ва стандартларга номувофиқлиги аниқланди. Шундан 7 та импортёр корхонага олиб келинган маҳсулотлар текширилганда 51 турдаги маҳсулотдан  49 турдагиси техник регламент ва стандарт талабларига номувофиқлиги аниқланди ҳамда реализация қилиниши тақиқланди.

–  Ташкилотимиз томонидан экспортёр корхоналарга амалий ёрдам ҳам кўрсатилмоқда, - дейди “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” давлат муассасаси директори Жасур Шукуров. – Хусусан, 282 фермер хўжалигининг11 минг гектар майдонида“Global G.A.P.” ва “Organic” халқаро стандарти жорий қилиниб, сертификатлаштирилди. Енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 53 тўқимачилик саноати корхонасида “OEKO-TEX”халқаро стандарти жорий қилинди.  

33 корхонага “СЕ” маркировкаси берилиб, маҳаллий маҳсулотларни Европа Иттифоқи давлатлари бозорларига экспорт қилиш имконияти яратилди. “GSP+” доирасида 6 минг 200 турдаги маҳсулотни Европа Иттифоқига божсиз экспорт қилишга шароит яратилди.

“Европа Иттифоқига экспорт қилинадиган  маҳсулотлар сонини 600 тага етказиш мақсадида 1 минг 718 корхонада халқаро сифат менежмент тизими жорий қилинди. Йил якунига қадар ушбу кўрсаткич 2,4 мингга етказилиши кўзда тутилган.  

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА