Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон коррупцияга қарши курашиш борасидаги индексларда юқори поғоналарга кўтарилмоқда
17:08 / 2023-12-22

Коррупция юксалиш ва тараққиётга ғов ҳамда жиддий тўсиқ бўладиган иллатдир. Шу боис ҳам ушбу иллатга қарши курашиш бутун дунёда энг долзарб масала бўлиб қолмоқда. Зеро, таҳлилларга кўра, ҳозирда коррупциянинг дунё миқёсидаги зарари 3 триллион АҚШ долларига яқин миқдорни ташкил қилаётгани унга қарши курашиш нақадар муҳим эканлигини кўрсатади.

Маълумки, 19 декабрь куни Тошкент шаҳридаги Конгресс марказида Коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак халқаро мукофот билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Дастлаб “Tashkent city” халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида халқаро ҳамжамиятнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини ифодаловчи монумент очилди.  

Коррупцияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳамда ушбу халқаро тадбирда илгари сурилган ташаббусларнинг аҳамияти хусусида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари ўз фикр-мулоҳазалари ва муносабатини баён қилди:

Иномжон Қудратов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари:

— Мамлакатимизда ўтган йиллар давомида коррупцияга қарши курашишнинг самарали механизми яратилди, қонунийликни таъминлашнинг институционал ва ҳуқуқий асослари шакллантирилди. Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсати коррупциянинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки унинг олдини олишга қаратилган превентив чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Давлат бошқарувида бюрократияни камайтириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат хизматларини кўрсатиш сифатини яхшилаш, рақамлаштиришга қаратилган ишлар шулар жумласига киради.

“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши эса давлат органлари фаолиятининг очиқлигини ва ҳисобдорлигини таъминлаш, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини ошириш, коррупцияга қарши курашиш соҳасида парламент ва жамоатчилик назоратини рўёбга чиқариш мақсадларига хизмат қилмоқда.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида сўнгги йилларда мамлакатимиз “Transparency international” индексида 42 поғонага кўтарилиб, бу борада минтақамизда энг юқори ўринни эгаллади. “Open Data Inventory” рейтингида эса жорий йилда 30-ўринга кўтарилган бўлса, очиқ маълумотлар манбалари бўйича Ўзбекистон дунёда 4-ўриндан жой олди. Ўзбекистон 6 йил давомида етакчи халқаро ташкилотларнинг баҳо ва рейтингларида бундай жиноятларни камайтириш бўйича барча Марказий Осиё давлатлари орасида етакчи ўринни эгаллаб келмоқда. Бу республикада коррупцияга қарши тизимли кураш олиб борилаётганидан далолат беради.

Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний томонидан асос солинган коррупцияга қарши курашиш соҳасида глобал мукофотнинг айнан пойтахтимизда ўтказилгани янги Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятнинг коррупцияга қарши курашдаги фаол иштирокчиси сифатидаги ўрнини яққол намоён қилди. Бу, ўз навбатида, Президентимиз бошчилигида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган тизимли ҳуқуқий ва институционал ислоҳотлар натижаси ҳамдир.

Дилмурод Исмоилов, 

Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси:    

— Мамлакатимиз коррупцияга қарши курашиш борасидаги индексларда юқори поғоналарга кўтарилмоқда. Бироқ, шиддат билан ривожланаётган замонамизда рўй бераётган янгидан-янги ўзгаришлар, жамиятда яшовчи ҳар бир фуқаро билан давлат органлари ўртасидаги муносабатлар шакли ва сони ошиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, коррупция иллатига қарши курашиш борасида янгича механизмларга асосланган тизимни жорий қилишни тақозо қилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак халқаро мукофот билан тақдирлаш маросимида Президентимиз коррупцияга қарши курашиш бўйича қатор таклифларни илгари сурди. Хусусан, Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегия ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилади. Унда давлат идоралари фаолиятининг янада шаффофлигини таъминлаш ва ҳисобдорлигини ошириш, очиқ маълумотлар тизимини такомиллаштириш, соҳанинг ҳуқуқий асослари ва институционал механизмларини мустаҳкамлашга алоҳида урғу берилади. Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг хорижий турдош муассасалар билан яқин ҳамкорлиги кучайтирилиб, коррупция ҳолатлари бўйича “дастлабки ўрганиш” – коррупцион суриштирув институти жорий этилади.

Бундан ташқари, болаликдан “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланган янги авлодни камолга етказиш устувор вазифа сифатида қайд этилди. Ўзбекистон Президенти коррупцияга қарши курашиш бўйича журналистлар имкониятларидан унумли фойдаланиш ва улар таъсирини янада ошириш учун Глобал медиа форумни ўтказиш таклифини билдирди. Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар Ўзбекистонда барқарор тараққиёт мақсадлари сари амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижадорлигини таъминлайди, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга хизмат қилади.  

Моҳира Хўжаева,  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Коррупция — иқтисодиёт ривожи, чинакам қулай тадбиркорлик ва инвестиция муҳити учун энг асосий тўсиқлардан бири. Ўзбекистон БМТнинг Коррупцияга қарши кураш конвенциясининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган Давлат дастурини муваффақиятли амалга оширмоқда. Шунингдек, 2021 йилдан бошлаб Ўзбекистон Халқаро очиқ маълумотлар хартиясига қўшилди ва Истанбул ҳаракатлар дастури, Глобал оператив тармоқ, Евросиё ва Эгмонт гуруҳлари ва бошқа кўплаб платформаларда фаол иштирок этмоқда.  

Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги миллий маърузани эшитиш Олий Мажлиси палаталарининг биргаликдаги ваколатлари сифатида белгилаб қўйилди.  

“Ўзбекистон — 2030” стратегиясида коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишда авваломбор давлат фуқаролик хизмати тизимини замонавий стандартлар асосида ташкил этиш, давлат хизматида коррупция омилларини бартараф этиш, кадрларни танлов асосида ишга қабул қилиш ва улар фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш каби устувор вазифалар ўз аксини топди. Давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш, давлат хизматида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни яратиш, коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятда очиқликни таъминлаш ва жамоатчилик иштирокини кенгайтириш мақсадлари мустаҳкамланди.  

Коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак халқаро мукофот билан тақдирлаш маросимининг айнан пойтахтимизда ўтказилгани замирида ҳам чуқур рамзий маъно бор. Зотан, ўтган даврда юртимизда давлат хизматларини кўрсатишни соддалаштириш, кўп ҳолларда коррупцион ҳолатлар манбаи бўлиб келган бюрократик ва кераксиз тартибларни қисқартириш бўйича жиддий ишлар олиб борилди. Ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилади.

Муҳтарама Комилова тайёрлади. ЎзА