Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Aйни пайтда Ўзбекистонда Корея компаниялари билан биргаликда умумий қиймати 14 миллиард доллардан ортиқ бўлган 100 га яқин инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Охирги беш йил ичида товар айирбошлаш икки бараварга ошиб, 2021 йилда 1,8 миллиард долларга, 2022 йилнинг январь-августь ойларида эса 1,6 миллиард долларга етди.
Корея Республикасига ташриф буюрган Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ишчи гуруҳи аъзолари давлатларимиз ўртасидаги ҳар томонлама алоқалар, ҳамкорликда олиб борилаётган лойиҳаларнинг бугунги ҳолатини таҳлил қилиб, галдаги вазифаларни белгилаб олди.
Делегация аъзолари Корея вазирлик ва идоралари вакиллари, компаниялар раҳбарияти билан бир қатор учрашув ва музокаралар ўтказди. Уларда икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди.
Хусусан, Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги вакиллари билан ўтказилган ишчи учрашувларда Ўзбекистон Республикасида савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик истиқболлари, шунингдек, электрон тижоратни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотлар давомида инвестициявий ҳамкорлик изчил кенгайтирилаётгани қайд этилди. Томонлар долзарб муаммоларни ҳал этиш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида ҳар ойда ўтказиладиган Ўзбекистон – Корея виртуал тижорат мулоқотига асосланган янги ўзаро ҳамкорлик механизмини жорий этишга келишиб олди. Икки давлат ўртасида Эркин савдо битимини имзолаш бўйича ишларни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, Кореянинг KTNet компаниялари ва Корея технологияларни ривожлантириш институти раҳбарияти билан ўтказилган музокараларда “Ўзбекистонда Миллий электрон савдо майдончасини яратиш лойиҳасининг 4-босқичи” доирасида TradeUZ.com электрон савдо майдончасини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, TradeUZ.com Миллий электрон тижорат платформасида айни пайтда 3 минг ўзбекистонлик экспортёрлар, 10 минг хорижий харидорлар, 5 мингдан ортиқ номдаги товарлар тўғрисида маълумотлар мавжуд. Ушбу сайт орқали кўрсатилаётган интерактив хизматлар, жумладан, транспорт-логистика хизматларини кўрсатиш, кўпроқ мижозлар ва етказиб берувчиларни жалб қилиш, ахборот мазмунини ва сонини ошириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Шу билан бирга, Корея Eksimbank ва Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан ишчи учрашувлар ўтказилиб, ушбу молия институтларининг Ўзбекистонда инвестиция иштирокини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар таълим, ўзбекистонлик мутахассисларнинг малакасини ошириш ва тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш йўналишларида умумий қиймати 50,6 миллион доллар бўлган 8 та лойиҳани, шунингдек, 2022-2024 йилларга мўлжалланган Молиявий-техник ҳамкорлик дастури доирасидаги лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича зарур чораларни кўришга тайёр эканликларини билдирди.
Учрашувлар якуни бўйича муҳокама қилинган лойиҳа ва ташаббусларни тўлиқ амалга ошириш мақсадида кореялик ҳамкорлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича аниқ амалий чора-тадбирлар дастури шакллантирилди.
ЎзА