Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон — Корея Республикаси: ҳамкорликнинг янги даври, самимий муносабат ва истиқболли келишувлар...
11:29 / 2021-12-21

Ўзбекистонда сўнгги 5 йилда амалга оширилган катта ислоҳотлар даври мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамиятдаги нуфузи ва обрў-эътиборини юксалтирди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташқи дунё билан ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйгани халқимиз фаровонлиги учун муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Бинобарин, ана шу очиқ сиёсат туфайли хорижлик инвесторларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши ва ишончи ортди. Пировардида, мамлакатга салмоқли инвестициялар кириб кела бошлади, бу янги иш ўринлари ташкил этиш, иқтисодиётни мустаҳкамлашга асос бўлмоқда.

Гап шу ҳақда кетганида, Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини алоҳида таъкидлаш ўринли бўлади. Жумладан, 1992 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён икки давлат ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорлик изчил ва самарали ривожланиб бормоқда. Бугун Корея Республикаси Ўзбекистоннинг асосий стратегик шериги ҳисобланади, ташқи савдо ҳамкорлари рўйхати бошида туради.

Таъкидлаш жоизки, 2017 йилдан буён Ўзбекистон — Корея Республикаси муносабатлари икки давлат раҳбарлари ўртасидаги бой ва сермазмун сиёсий мулоқотга асосланган ҳолда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. 2017 ва 2019 йилларда амалга оширилган ўзаро давлат ташрифлари натижасида имзоланган ҳукуматлараро битимлар ва тижорат шартномаларининг умумий миқдори 22 миллиард долларни ташкил этди. 2019 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилди.

Маданий-гуманитар ва таълим йўналишидаги ҳамкорлик

Бугун мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни, аввало, иқтисодий-савдо, маданий-гуманитар ва таълим, соғлиқни сақлаш, рақамлаштириш ва ахборот технологиялари соҳаларида кўриш мумкин. Жумладан, маданий-гуманитар ва таълим йўналишларида бир қатор ютуқларга эришилмоқда. Хусусан, таълим соҳасида Тошкентда 1992 йилдан бошлаб Корея таълим маркази фаолият кўрсатиб келмоқда. Ўзбекистоннинг 7 та олий таълим муассасасида ва 48 та мактаб, лицейда корейс тили ўргатилади.

Мамлакатимиз мактабгача таълим тизимига Корея Республикаси тажрибаси кенг жорий этилмоқда. Тошкентда Корея методологияси бўйича ташкил этилган 324-сонли мактабгача таълим муассасаси фаолият юритади. Шунингдек, Ўзбекистонда бир қатор Корея университетлари филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Масалан, Инҳа, Пучон, Ёжу, Ажу университетлари филиаллари ҳамда Фарғонада Корея халқаро университети фаолият юритмоқда. Маҳаллий олийгоҳлар Кореянинг 45 дан ортиқ университет, илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқариш ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Икки давлат ўртасида маданият соҳасида ҳам алоқалар изчиллик билан давом этмоқда. 2014 йилда Тошкентдаги Дўстлик боғи ҳудудининг бир қисмида Сеул боғи ташкил этилди. 2018 йил октябрь ойида Сеулда «Ўзбекистон маданияти ҳафталиги» ташкил этилди.

Жорий йил 16-18 декабрь кунлари Президентимизнинг Корея Республикасига давлат ташрифида Шавкат Мирзиёев маданий-гуманитар ва таълим соҳасида бир қатор янги ташаббусларни илгари сурди.

Хусусан, биринчидан, университетлар ўртасидаги инновацион ҳамкорликни ривожлантириш бўйича уларнинг мунтазам мулоқоти учун доимий майдонни яратиш. Иккинчидан, 2022 йилда икки мамлакат олий таълим муассасалари ректорлари форумини ўтказиш. Учинчидан, Корейс маданият ва санъат уйи қошида кутубхона ташкил этиш. Тўртинчидан, пойтахтимиз Тошкент шаҳрида Корейслар тарихи музейини ташкил этиш.

Энг муҳими, бу каби таклиф ва ташаббуслар Корея Республикаси Президенти ва кенг жамоатчилик томонидан қизғин қўллаб-қувватланди.

Иқтисодий-савдо соҳасида

Кейинги йилларда кореялик ишбилармон доиралар ва илм-фан соҳаси вакилларининг Ўзбекистонга қизиқиши ортаётганини кўриш мумкин. Бу мамлакатимизда инвестициявий муҳит яхшилангани билан боғлиқ.

2017 йил охирида Корея Республикаси сармояси иштирокида фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 510 тани ташкил этган бўлса, 2021 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда шунга ўхшаш 928 та корхона фаолият олиб борган. Биргина 2021 йилнинг январь-октябрь ойларида Корея капитали иштирокида 80 та корхона ташкил этилди.

Умуман олганда, 2018-2021 йилларда Корея капитали иштирокида фаолият юритаётган корхоналар сони 1,8 баробар кўпайди. Кореянинг Ўзбекистонга киритган инвестицияларининг умумий ҳажми 7 миллиард доллардан ошди.

Ташқи савдо айланмаси 2016 йилдаги 1070,4 миллион доллардан 2019 йилда 2767,7 миллион долларгача ўсди, бу кўрсаткич пандемия таъсирида бироз пасайиб, 2020 йилда 2150,7 миллион долларни ташкил этди. 2016 йилга нисбатан ўсиш 2019 йилда 258,6 фоизни, 2020 йилда эса 200,9 фоизни ташкил этди.

Агар 2016 йилда Кореянинг Ўзбекистон билан савдодаги улуши 4,4 фоизни ташкил этган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 5,9 фоизга етди. Ўзбекистон билан савдода Корея импортининг улуши худди шу даврда 7,2 фоиздан 9,9 фоизга ўсди. Бу кўрсаткичлар мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш имкони борлигини англатади.

Ўз навбатида, Президентимизнинг Корея Республикасига навбатдаги ташрифи ҳам ўзаро савдони ривожлантириш, ишбилармонларни янада қўллаб-қувватлаш маъносида ғоят самарали бўлганини таъкидлаш ўринли.

Биринчидан, Корея Республикаси Президенти Ўзбекистон билан глобал иқлим ўзгаришларига қарши курашиш, «ақлли» шаҳарлар, смарт-фермалар, АКТ ва электромобиллар ишлаб чиқариш каби истиқболли йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини маълум қилди.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти яқин даврга мўлжалланган ҳамкорликда учта асосий йўналиш — «яшил» тараққиёт, рақамлаштириш ва ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш масалаларини кун тартибига қўйди.

Ана шу йўналишларда бир қатор таклифлар илгари сурилди ва қўллаб-қувватланди. Жумладан, давлатимиз раҳбари Корея Республикаси билан амалга оширилаётган ҳамкорлик алоқаларининг стратегик аҳамиятини ошириш мақсадида 2022 йилни «Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ўзаро алмашинувлар йили», деб эълон қилишни таклиф этди.

Шунингдек, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли лойиҳа ва дастурларини илгари суриш мақсадида парламентлар ва ҳукуматлар даражасидаги мулоқотнинг янги, самарали механизмларини жорий қилиш илгари сурилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи самараларини хорижлик экспертлар ҳам юқори баҳоламоқда.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ва Корея Республикаси муносабатлари ўзаро дўстлик ва англашувчанлик руҳига қурилган. Шу маънода, ўзбек ва корейс халқи мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги муносабатлар янада мустаҳкамланишига ишонади.

Маҳмуджон БОЛТАБОЕВ,

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори.