Тошкент шаҳар ҳокимлигида Сеул шаҳар мэрининг биринчи маъмурий ўринбосари Ким Тае Кюн бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги стратегик ҳамкорлик, Тошкент ҳамда Сеул шаҳарлари ўртасидаги дўстона алоқаларнинг изчил ривожланиб бораётганини қайд этди.

Хусусан, Ўзбекистон ва Жанубий Корея муҳим минераллар, яримўтказгичлар, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, шаҳарсозлик, хавфсиз энергетика каби жами 7 та йўналишда ҳамкорликни амалга оширмоқда. Жумладан, мамлакатимизда Корея билан ҳамкорликда 800га яқин қўшма корхоналар фаолият юритмоқда.

Мулоқотда Тошкентда амалга оширилаётган Корея иштирокидаги инвестиция лойиҳалари ҳақида маълумот берилиб, икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш йўлида Тошкент шаҳар ҳокимлиги доимий очиқлиги билдирилди.
Шунингдек, Ким Тае Кюн Сеул шаҳри маъмурияти номидан Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовни жорий йил 29 сентябрь куни Сеул шаҳрида бўлиб ўтадиган Метрополис шаҳарлар тармоғининг 40 йиллигига бағишланган Сеул конгрессида иштирок этишга расмий равишда таклиф қилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА