French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Корея ҳамкорлигининг янги йўналишлари муҳокама қилинди
16:41 / 2026-01-21

Жиззах вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев Жанубий Корея Республикасидан ташриф буюрган инвесторлар делегациясини қабул қилди. Делегацияга агросаноат ва экологик технологиялар соҳасида фаолият юритувчи “K-Farm Solution Co., Ltd” компанияси бош директори жаноб Y.H. Cho раҳбарлик қилмоқда.

Учрашувда вилоятда инвестиция фаолияти учун яратилган қулай шарт-шароитлар, хусусан, солиқ ва божхона имтиёзлари, инфратузилмавий имкониятлар ҳамда инвесторлар билан ишлашда очиқлик ва шаффофлик тамойиллари ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, Жиззах вилоятида Жанубий Корея иштирокидаги қатор қўшма корхоналар, жумладан, автомобилсозлик ва саноатнинг бошқа йўналишларидаги лойиҳалар самарали фаолият юритаётгани таъкидланди.

Музокаралар давомида кореялик инвесторлар томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида қўшма корхона ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Ушбу лойиҳа унумдорлиги пасайган ер майдонларини тиклаш, шўрланишга қарши курашиш, тупроқ унумдорлигини ошириш ҳамда шаҳар ва қишлоқ ҳудудларида яшил майдонларни кенгайтиришга қаратилган.

Маълумотларга кўра, қўшма корхона фаолиятини йўлга қўйиш учун тахминан 5 миллиард Жанубий Корея вони, яъни тахминан 3 миллион 390 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш режалаштирилмоқда. Лойиҳа уч йиллик босқичларда амалга оширилиб, маҳаллий имкониятлар Жанубий Кореянинг илғор агротехнологиялари билан уйғунлаштирилади. Бу фермер хўжаликлари даромадини ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Ташриф доирасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Делегация таркибида иштирок этган мутахассислар томонидан замонавий таълим технологияларини жорий этиш, маҳаллий кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш ва илғор корея тажрибасини қўллаш бўйича таклифлар билдирилди.

Учрашув якунида вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев мазкур ташаббуслар Президентнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлаб, лойиҳани амалга ошириш юзасидан тегишли мутасадди ташкилотларга аниқ вазифалар юклади.

Тадбир якунида кореялик нуфузли меҳмонлар учрашув икки томонлама манфаатли бўлганини, мазкур мулоқот Ўзбекистон – Корея ўртасидаги дўстона ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири