Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 7 декабрь куни мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сана – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 28 йиллик байрами муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табриклари дунё миқёсида коронавирус пандемияси авж олган мураккаб шароитда яшаб, меҳнат қилаётган захматкаш халқимизнинг руҳи ва шукуҳини яна бир бор тоғдек ўстириб, аҳил юртдошларимиз қалбида келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлади.
Агар Президентимизнинг ушбу табрикларини синчковлик билан ўрганиб, таҳлил қилсак, Бош қомусимизнинг асосий қоида ва тамойилларидан келиб чиқиб, бундан тўрт йил аввал Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилиш асносида бошланган кенг кўламли ва шиддатли демократик ислоҳотлар бугун ўз мевасини бераётганини, Конституция ислоҳотларнинг ҳуқуқий пойдевори сифатида шу қисқа давр ичида қабул қилинган 5 та кодекс ва 250 га яқин қонунларга ҳуқуқий манба бўлганини гувоҳи бўламиз.
Бунинг замирида Ўзбекистон Республикаси Конституциясида илғор миллий ва халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатлар уйғун мувозанатда ҳал этилганини ҳамда буни конституциямизнинг ҳаётийлигида кўрамиз.
Аслида жаҳон мумтоз конституциявий амалиёти тажрибасида конституциявий тартибга ижтимоий муносабатларнинг учта йирик асосий соҳани қамраб олиши қабул қилинган. Булар, биринчидан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофазалаш, иккинчидан, давлат ва сиёсий ҳокимиятнинг тузилиши, учинчидан, шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатлардир. Ушбу уч тоифа муносабатларни барчаси бир бирига боғлиқ ва уларни бир-биридан устун қўйиб бўлмайди. Зеро, уларнинг ҳар бирида инсон алоҳида индивид ва жамоавий шаклида бевосита иштирок этади.
Ўзбекистон Республикаси мустақил давлат сифатида жамият ва давлат ҳаётини модернизация қилишга йўналтирилган демократик ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Мамлакат ўз халқи фаровон ҳаётини таъминлаш мақсадида ҳар қандай самарасиз тизим ва тузумдан воз кечиб, фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлатчилик сари интилмоқда. Бундай вазиятда давлат ва жамият тузумининг ҳуқуқий асосларини ташкил этувчи конституциянинг ўрни ва аҳамияти янада ортади.
Президентимизнинг табрикларидаги ушбу сўзлари, яъни “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” деган конституциявий норма асосида мамлакатимизда халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қиладиган, Конституция ва қонун устун бўлган самарали ва барқарор тизим шаклланмоқда.“Янги Ўзбекистон” деган ибора халқаро майдонда нафақат янги тушунча, балки реал ижтимоий ҳодиса сифатида қабул қилинмоқда. Конституциямиз яратиб берган улкан ҳуқуқий имкониятларнинг самараси бўлган бундай ютуқ ва натижалар барчамизга албатта юксак ғурур ва ифтихор бағишлайди” деган фикрлари мамлакатимизнинг конституциявий тамойиллар асосида халқчил давлат қуришга интилаётгани кўрсатмоқда.
Бундан 28 йил аввал – 1992 йилда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши дунё сиёсий харитасида янги суверен давлат қарор топганлигини ифодалаган ҳолда Конституция ўзида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлигини мужассам этган бу демократик ғоя замонавий ҳуқуқ тизимининг пойдеворига айланди.
Бу ҳол конституциявий тузум, давлат суверенитети ва халқ ҳокимиятчилиги, ҳокимиятни ташкил этиш, давлат билан шахс, жамият билан инсон ўртасидаги муносабатларнинг барчасини инсон энг олий қадрият эканлиги позициясидан қурилишини назарда тутади.
Дарҳақиқат Конституциямизнинг асосий моҳияти шундаки, у жамият ва унинг аъзолари олдига олий мақсад қўйган ва ана шу эзгу мақсадга эришишнинг йўлларини ўзида мужассам этган.Бир сўз билан айтганда, давлат, оила ва жамият манфаатлари уйғунлашиб, юртимизни тобора ривожланиш сари олға силжишини таъминлаяпти.
Масалан, “Асосий қонунимизда кафолатланган малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ва кучли ижтимоий ҳимояни таъминлаш бўйича ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишда барча имкониятлар ишга солинмоқда. Пандемия даврида аҳоли соғлиғини сақлаш, ишсиз қолган фуқароларга ёрдам беришга, тадбиркорларга биринчи даражали эътибор қаратилмоқда.
Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатлар барқарорлигига эришиш – давлат фаолиятининг асосий, етакчи функцияси. Айнан ана шу функция давлатнинг мутлақ ўзига хос мақоми, ижтимоий-сиёсий аҳамиятини белгилаб беради. Давлат қонун устуворлиги, қонунийликнинг мустаҳкамлиги устидан назоратни ўз органлари воситасида таъминлайди.
Маълумки, Конституция ва қонуннинг устунлиги тўлиқ таъминлашга сафарбар этилган давлат органлари – шахс, жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи орган тизимини ташкил этади. Бу ўз навбатида самарали давлат хизмати ва давлат хизматчилари қатлами мавжуд бўлишини талаб этади. Бунга мисол қилиб, ҳозирги кунда тамомила янгича ёндошув амалга оширилаётгани кўрамиз.
Таъбир жоиз бўлса, бугунги кунда Конституциянинг ўзи, бир томондан, ислоҳот, янгиланиш объекти бўлса, иккинчи томондан, демократик ислоҳотларни ҳуқуқий англаш, жамият барқарорлиги, фуқаролар тинчлиги, фаровонлиги ва миллий тотувликни таъминлашнинг самарали механизми ва бошқарув асосларини яратиш имконини бермоқда.
Яна бир масалага эътиборингизни қаратмоқиман. Жадал ислоҳотлар даврида сўз ва матбуот эркинлиги, оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш, давлат ҳокимияти идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишга қаратилган ишлар таъсирчанлигини янада ошириш катта аҳамиятга эга. Бу борада Президентимиз қатъий ҳақиқатга алоҳида урғу бердилари: “Бир ҳақиқат ҳаммамизга аён бўлиши керак: барча соҳаларда амалга ошираётган ислоҳотларимиз қатори жамиятимизда очиқлик ва ошкоралик, ўзини ўзи танқид ва демократик янгиланиш жараёнлари энди ҳеч қачон ортга қайтмайди ва биз бу йўлни қатъий давом эттирамиз”. Дарҳақиқат, очиқ ва ошкора сиёсат ҳамда эркин оммавий ахборот воситалари – бу фуқаролик жамиятининг ажралмас қисмидир.
Бошқача қилиб айтганда,замонавий оммавий ахборот воситалари давлат ва халқ ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтаб, янги ислоҳотларга илҳом беради. Холис ва тезкор оммавий ахборот воситалари давлат ва жамиятнинг бош вазифаси ҳисобланмиш халқимиз ҳаётини янада обод ва фаровон қилишга, юртимизда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир инсонга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш улкан аҳамият касб этади. Ушбу эзгу мақсад йўлида барча ватандошларимиз бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилиши, айниқса ёшларимизни янги Ўзбекистон бунёдкори бўлиб майдонга чиқишидан катта умид қиламиз. Президентимизга камарбаста бўлган ҳолда бетакрор юртимизни тинчлик-осойишталигини сақлашда фаол бўламиз.
Мухтасар қилиб айтганда, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, халқ фаровонлигини ошириш борасида олиб борилаётган изчил сиёсат жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда. Бунда жорий йил сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган бир қатор глобал ва минтақавий ташаббуслар, аниқ амалий таклифлар халқаро миқёсда қўллаб-қувватланганини таъкидлаш жоиз. Хусусан, мамлакатимиз миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асосий органларидан бири бўлган Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо этиб сайланди. Бу Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида олиб борилаётган очиқ ва фаол ташқи сиёсатнинг яна бир катта ютуғи ва исботидир.
Ойбек ТУРҒУНОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти
кафедра бошлиғи, юридик фанлари доктори.
ЎзА