Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллиги арафасида Самарқанд вилояти Қўшработ тумани ҳудудида жойлашган “Зармитан” саноат майдонида қазиш ишлари олиб борилаётган “Скип” ва “Клет” ҳаракатланадиган шахтанинг чуқурлиги 1 000 метрга етганлигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда сўз олганлар томонидан мустақиллик берган имкониятлар туфайли ушбу ҳудудда сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар, янги гидрометаллургия заводи, конлар, замонавий инфратузилма – Заркент қўрғони барпо этилгани, сўнгги йиллардаги мисли кўрилмаган бу ўзгаришлар ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, кончилар фаровон яшаши, ёшлар учун муносиб иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқариш кўрсаткичларини оширишга, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ҳар йили янгидан-янги турли объектларни фойдаланишга топширишга улкан имкониятлар яратиб бераётгани таъкидланди.
Чехия давлатининг “Mine Construction Alliance s.r.o.” компанияси билан ҳамкорликда олиб борилган икки йиллик самарали меҳнат маҳсули сифатида, нафақат Ўзбекистон кончилик саноати тарихида, балки Ўрта Осиё тарихида илк маротаба техник жиҳатдан ниҳоятда мураккаб ҳисобланган қазиш ишлари олиб борилаётган “Скип” ва “Клет” ҳаракатланадиган диаметри 6,5 метр бўлган шахтанинг чуқурлиги 1 000 метрга етди.
[gallery-8476]
Бу ютуқ Мустақиллигимиз 31 йиллик байрамига муносиб совға бўлди. Бу ишлар комбинат ўз йўналишида ривожланиш сари илгарилаб бораётганидан далолатдир. Айни пайтда кейинги босқичдаги ишлар давом эттирилмоқда. Лойиҳани 2023 йил март ойида тўлиқ якунлаш режалаштирилган. Бу келгусида ер қаъридан ҳар йили 850 минг тонна маъданни ер юзасигача чиқариш имконини беради ва маъдан қайта ишлаш учун 4-гидрометаллургия заводига етказиб берилади.
Тадбирда шахтани қазиш ишларида фаоллик кўрсатган бир гуруҳ ишчи-ходимларга “НКМК” АЖ маъмурияти томонидан “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишонлари топширилди.
Тадбирда “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси – Бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Қ.Саноқулов, Қўшработ тумани ҳокими Д.Шакарбоев, комбинат ва Жанубий кон бошқармаси раҳбар-ходимлари, “Mine Construction Alliance s.r.o.” компанияси ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
А.Бўриев,
Сирож Аслонов олган суратлар.