Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – китобхонлар юрти
12:50 / 2026-02-14

Сурхондарё вилоятининг Ангор туманидаги 12-умумтаълим мактабида тумандаги мактаб кутубхоналари ходимлари учун “Ўзбекистон – китобхонлар юрти” мавзуига бағишланган семинар ташкил этилди.

Семинарда ўқувчи-ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг китоб мутолаасига қизиқишини ошириш ва кутубхоналар фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. 

Тадбирда туман ҳокими Қосим Мардонов ёш авлод тарбияси ва камолотида китобнинг ўрни, уларнинг маънавий тафаккур қилиш маданиятини оширишдаги аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритди.

– Замон шиддат билан ривожланаётган ҳозирги даврда ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда китобхонликнинг алоҳида ўрни бўлиши керак, – деди туман раҳбари. – Уларни китоб билан дўст тутинишга ота-онаси, ўқитувчилари билан бирга мактаб кутубхоначилари алоҳида эътибор қаратиши лозим. Китоб болани турли салбий иллатлардан асраб, маънавий дунёқарашини кенгайтиради. Китобга муҳаббат уйғонган, китоб орқали сайёрамизни англаган ёшу кекса миллатимизга ёт ёмон иллатлардан йироқ бўлади. Ҳамиша эзгулик ҳақида ўйлаб, эзгу амалларни бажаришга интилади. Ўқувчилар онгига бундай фазилатларни чуқур сингдиришда мактаб кутубхоначилари ҳам самарали хизмат қилиши лозим.

Тадбирда ўқувчиларнинг бадиий чиқишлари ва китобхонликка бағишланган тақдимотлари намойиш этилди. 

Семинар доирасида Қосим Мардонов мактаб кутубхонасида китобхонлар учун яратилган шароитлар ва китоб фонди билан қизиқди. Мавжуд китоблар ва ўқув қўлланмалари ҳолатини ўрганиб, таълим муассасаси мутасаддиларига тегишли тавсияларини билдирди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА