Тошкент халқаро кинофестивали доирасида Киночилар уйида "Ўзбекистон кино санъати" китоб-альбомининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Китоб-альбом муаллифи, киношунос олима Нигора Каримованинг таъкидлашича, ушбу китоб тарихий, илмий, маърифий материалларга бойлиги, мингдан ортиқ тарихий фотосуратларни ўзида жамлагани билан аҳамиятлидир. Бу мураккаб тарихий изланишларнинг дебочасидир. Китоб Ўзбекистон Марказий Осиёда кино санъатининг ватани экани ёрқин мисоллар ёрдамида очиб берилган. Зеро, илк кино фабрика, илк кино намойиши каби омиллар бунга тўлиқ асос бўла олади. Китобда миллий кино санъатимиз дарғалари Комил Ёрматов, Наби Ғаниев, Сулаймон Хўжаев каби устозларга оид фотоматериаллар жамлангани эътиборга моликдир.
Ушбу китоб-альбом миллий кино санъатининг илк шаклланишидан бошлаб то бугунгача бўлган ўта катта даврни ўз ичига қамраб олади. Бу эса миллий кино санъатининг кеча ёки бугун эмас, катта тарихий даврни, мураккаб тараққиёт босқичини босиб ўтганини, ўз шонли мактабига эга эканини англатади.
Нашрдаги суратлар "Кинофонд" тузилмаси ҳамда Кино музейи заҳирасидаги негативлар рақамлаштирилиб, улардан энг сара деб топилган 1000 дан ортиғи китоб-альбом учун танлаб олинди.
- Китоб-альбомни яратишда тарихни борича, ҳаққоний ўрганиш нуқтаи назаридан ёндашилди, - деди киношунос, Республика Кинофонди раҳбари Элжон Аббосов. - Шуниси билан ҳам бу китоб қадрлидир.
- Бир куни Али Ҳамроев кинога оид қимматли негативлар чиқиндилар орасида ётгани ҳақида сўзлаган эдилар, - деди таниқли ўзбек режиссёри Юсуф Розиқов. - Мен бу китобни варақлаб тушундимки, уларнинг 80 фоиздан ортиғини биринчи марта кўриб турибман. Улар чиндан ҳам тарихий аҳамиятга эга. Ёшларга миллий кино тарихига оид визуал маълумот беришда жуда муҳимдир.
Салкам беш юз саҳифадан иборат ушбу-китоб альбом учун маълумот тўплаш, тадқиқотлар олиб бориш ўн йилларни талаб этса-да, нашр устида бир йил иш олиб борилди.
"Ўзбекистон кино санъати" китоб-альбоми юртимиз кино санъати ҳақида янги изланиш ва тадқиқотларга бойлиги билан ўқувчилар эътиборини тортиши шубҳасиз. Ҳозирча совғабоп тарзда чоп этилган ушбу китоб-альбомнинг келгусида талаба-ёшлар учун оммабоп вариантини яратиш кўзда тутилмоқда.
Назокат Усмонова, ЎзА