English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон кенг имкониятлар мамлакати
15:31 / 2023-08-11

ЎзЛиДеП Навоий вилояти Кенгаши ёшлар ва бизнес тузилмалари билан ишлаш бўлими ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан “Навоий Ёшлар Технопарки” да “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Унда сўзга чиққанлар сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, юртдошларимизнинг бугунги кунидан рози бўлиб яшашларини таъминлашга хизмат қилаётганлигини таъкидлади.  

Шу кунларда республикамизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллигини муносиб кутиб олиш ва тантанали равишда нишонлаш учун ҳар томонлама қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.  

Президентимиз томонидан жорий йил 27 июлда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига биноан, мазкур қутлуғ санага бағишлаб ўтказилажак барча тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ҳолда ўтказилиши белгилаб қўйилди. 

Ватанимиз мустақилликка эришгандан кейин ўтган ҳар бир кунимиз халқимизнинг фидокорона меҳнати, бунёдкорлик салоҳиятининг яна бир амалий намоёни, эркин, озод ва фаровон ҳаётимиз, ғурур-ифтихоримиз тимсоли сифатида янги тарихимиз солномасига том маънода ёрқин саҳифа бўлиб кирмоқда.  

– Ўзбекистон кенг имкониятлар мамлакати. Бугун ёшларимизнинг таълим олишлари, етук мутахассис бўлиб камол топишлари ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишлари учун барча имконият ва шароитлар яратилмоқда, – деди Олий Мажлис ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси, “Навоий Ёшлар Технопарки” раҳбари Аброр Абдуғаниев. – Биргина мазкур технопаркни олсак, бу ерда ёшларнинг таҳлилий фикрлаш, уларни илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятга кенг жалб этиш, иқтидорли, ташаббускор ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини намоён қилиши ва ижтимоий мослашуви учун зарур шароитлар яратилган. Қарийб 8,7 миллиард сўм эвазига бунёд этилган технопаркда робототехника, мехатроника, электроника, дастурлаш тиллари, социал медиа маркетинг, инглиз, рус, хитой тиллари, компьютер саводхонлиги курслари йўлга қўйилган.  

Бундай тарғибот тадбирлари вилоятнинг барча ҳудудларида ташкил этилиб, аҳолининг турли қатламлари қамраб олинмоқда.  

Абдували Бўриев, ЎзА