“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг такомиллаштирилиши мамлакатимиз тараққиётида янги босқични бошлаб бераётган, узоқ муддатли ва тизимли ислоҳотларни ўзида мужассам этган муҳим дастурий ҳужжатдир.

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида ушбу стратегияни замон талабларига мувофиқ такомиллаштириш ташаббуси илгари сурилгани юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг изчиллиги ва очиқлигини яққол намоён этди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси Наврўзбек Юсупов бу ҳақда ўз мулоҳазаларини билдирди.
— Дарҳақиқат, сўнгги йилларда иқтисодий ўсиш суръатларининг жадаллашуви натижасида камбағаллик даражаси 11 фоиздан 5,8 фоизга, ишсизлик эса 6,8 фоиздан 4,9 фоизгача қисқаргани ислоҳотлар самарасининг амалий натижаси сифатида эътироф этилиши лозим. Бу кўрсаткичлар белгиланган мақсадлар ҳаётий ва асосли эканини тасдиқлайди.
Ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2030 йилга қадар 160 миллиард долларга етказиш режасининг анча олдин бажарилиши кутилаётгани ҳам иқтисодий сиёсатнинг тўғри йўналтирилганидан далолат беради.
Президентимизнинг 2030 йилга қадар мўлжалланган тараққиётнинг устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни давом эттиришга қаратилган фармони лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани очиқлик ва жамоатчилик назоратини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Такомиллаштирилаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси барқарор иқтисодий ўсиш, ижтимоий адолатни таъминлаш, инсон капиталини ривожлантириш, экологик барқарорлик ва ҳудудларни мутаносиб тараққий эттириш каби муҳим йўналишларни қамраб олгани билан алоҳида аҳамиятга эга.
Халқ вакили сифатида биз депутатлар, шунингдек, кенг жамоатчиликнинг ушбу жараёнда фаол иштирок этиши стратегиянинг ҳаётга самарали татбиқ этилишига хизмат қилади, деб ўйлайман. Ҳар бир фуқаронинг билдирган таклиф ва мулоҳазалари Янги Ўзбекистон тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Н.Раҳмонова, ЎзА