Пойтахтимизда Кадастр агентлиги томонидан Жаҳон банки ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда Ўзбекистон ҳудудларини ривожлантиришда фазовий маълумотлар аҳамиятига бағишланган Миллий форум ташкил этилди.
Тадбир давомида кадастр тизимида фазовий маълумотлар, яъни фазовий объектлар жойлашуви, шакли ва бошқа хусусиятларини ўз ичига олган маълумотларнинг иқтисодиётни ислоҳ қилиш, урбанизация жараёнларини ривожлантириш ва Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига мослашишдаги аҳамияти муҳокама қилинди. Форумда тингловчиларга Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳалар тақдим этилди. Улар мамлакат ҳукумати томонидан Европа Иттифоқи ва Жаҳон банкининг молиявий кўмагида амалга оширилади.

Тадбирда вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари, халқаро ташкилотлар, экспертлар ҳамжамияти ва хусусий сектордан 150 дан ортиқ вакиллар иштирок этди. Форум иштирокчилари Ўзбекистоннинг Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини ривожлантириш бўйича қарашлари ва режаларини муҳокама қилди.

Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасининг асосий мақсади фазовий маълумотларни шаффоф йиғиш, сақлаш, бошқариш ва алмашишни таъминлаш, миллий ва минтақавий маълумотлар базаларини бирлаштириш ҳамда идоралараро ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.
Форум давомида давлат органлари ва халқаро ҳамкорлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, фазовий маълумотларнинг ягона стандартларини ишлаб чиқиш, кадастр тизимини рақамлаштириш ва инновацион ёндашувларни ўрганиш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ва бошқа мамлакатларнинг фазовий маълумотлар тизимини қўллаш бўйича илғор тажрибалари иштирокчиларга тақдим этилди.

Ўзбекистон ҳукумати фазовий маълумотларни қўллашни тараққиётнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилади. Ушбу маълумотлар ёрдамида ҳокимият органлари ер фондини самарали бошқариш, табиий ресурсларни тақсимлаш ва инфратузилмани ривожлантиришни режалаштириш бўйича асосли қарорлар қабул қилиши мумкин. Бу транспорт тармоқларини ривожлантириш, савдо имкониятларини кенгайтириш, иқтисодий ўсиш ва маҳаллий ҳамжамиятларнинг фаровонлигини оширишга ҳисса қўшади. Шу билан бирга, фазовий маълумотлар Ўзбекистон ҳудудларининг барқарор ва мувозанатли ривожланишига хизмат қилади.


–Форум давомида Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасининг рақамли трансформациясига ҳисса қўшадиган икки янги лойиҳа тақдим этилди, – дейди Кадастр агентлиги директори ўринбосари Мирсаид Мирмақсудов. –Ҳудудларни барқарор ривожлантириш учун фазовий маълумотлар инфратузилмаси лойиҳаси умумий қиймати 35 миллион АҚШ доллари. Лойиҳа Жаҳон банки молиявий кўмагида Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан амалга оширилади. Мақсад кадастр тизимини модернизация қилиш, хусусий сектор ва фуқаролар учун фазовий маълумотлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, ФММИни рақамлаштириш, маълумотлар алмашинувини яхшилаш ва ҳудудий ҳокимият органларининг салоҳиятини оширишдан иборат.
Шаҳноза Маматуропова,
Ойбек Давронов (видео),
ЎзА