Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Азим Аҳмедхўжаев Канада элчиси Элисон Мэри Леклер билан музокаралар ўтказди.
Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.
Учрашув чоғида хориж томонига Ўзбекистон энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қайта тикланувчи энергетика манбаларини ривожлантириш, жумладан, қайта тикланувчи энергия манбалари лойиҳалари бўйича тендерларда жаҳоннинг етакчи компанияларининг кенг иштироки ҳақида маълумот берилди.
Унда Энергетика вазирлиги ҳузурида 2021 йилда ташкил этилган Қайта тикланувчи энергия манбалари институти, мазкур институт қошида фаолият юритаётган Водород энергетикаси амалий лабораторияси фаолияти ҳақида ҳам сўз борди.
Канада элчиси амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида мамлакат энергетика соҳасида эришилган натижалар муҳимлигини таъкидлади.
Алисон Мери Леклер ҳамкорликнинг бир қатор истиқболли йўналишларини батафсил кўриб чиқишни таклиф қилди. Канаданинг етакчи техник университетлари билан тажриба алмашиш соҳасида ҳамкорлик, водород энергияси ва экологик хавфсизлик (ESG) соҳасидаги қўшма лойиҳалар шулар жумласидандир.
Учрашув якунида томонлар кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, водород энергетикаси соҳасидаги ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилиш учун бир қатор вебинарлар ташкил этиш бўйича келишувга эришди.
ЎзА.