Пекин шаҳрида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Умумхитой Журналистлар ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 18-19 май кунлари ушбу мамлакатга давлат ташрифи доирасида эришилган келишувлар ўз самарасини бераётгани таъкидланди. Ўзбекистон ва Хитой, умуман, Марказий Осиё давлатлари журналистлар уюшмалари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, биргаликда медиафорумлар имзоланишининг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, имзоланган келишув асосида икки мамлакат оммавий ахборот воситалари вакилларининг тажриба алмашишини таъминлаш бўйича фикр алмашилди.
– Ушбу келишувда 6 кишидан иборат делегация аъзолари тажриба алмашиш учун жўнатилиши, сафар муддати етти кунгача бўлиши белгиланди, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов. – Келишувимизда ҳар бир масалага ойдинлик киритилган. Унга кўра, қабул қилувчи томон журналистлар делегация аъзоларининг яшаши, овқатланиши, ички транспорт ва таржимонлик хизмати харажатларини қоплайди. ОАВ гуруҳини кузатувчи томон эса фақат бориш-келиш йўл чипталарини харид қилади. Шунингдек, томонлар бир-бирига дастурлар тайёрлаш, виза расмийлаштирилиши каби масалаларда кўмаклашишни ҳам ўз зиммасига олади.
Маълумот учун, Умумхитой Журналистлар ассоциацияси 1937 йили 8 ноябрь куни ташкил этилган. Ассоциация дунёнинг 120 дан ортиқ давлатлари журналистлар ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган.
Ҳамкорлик келишувини имзолаш маросимида томонлар бир-бирларига эсдалик совғаларини топширдилар.
ЎзА